Сиань форумида янги ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди
Хитойнинг Сиань шаҳрида “Учинчи Ўзбекистон–Хитой ҳудудлараро ҳамкорлик форуми” бўлиб ўтди. Унда Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита раиси Қаҳрамон Сариев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этди.
Форум икки давлат ҳудудлари ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва илмий соҳалардаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган муҳим мулоқот майдони бўлди. Тадбир давомида қўшма лойиҳалар, туризм, таълим ва инновациялар йўналишидаги имкониятлар муҳокама қилинди.

Қ.Сариев ўз нутқида Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги муносабатлар мустаҳкам дўстлик ва ишонч асосида изчил ривожланаётганини таъкидлаб, ҳудудлараро ҳамкорлик халқлар ўртасидаги яқинликни янада кучайтиришини қайд этди.

Форумда Буюк ипак йўли шаҳарлари бўйлаб қўшма туристик йўналишларни ривожлантириш, музей ва театрлар ўртасидаги алмашинувларни кучайтириш, ёшларни маданий дастурларга кенг жалб этиш ҳамда ҳудудларнинг туристик салоҳиятини биргаликда тарғиб қилиш бўйича таклифлар илгари сурилди.
Форум якунида Биродар шаҳарлар альянси ва Шэньси провинцияси Хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари халқ ассоциацияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Н.Раҳмонова, ЎзА