Шоҳимардонда сел йўллари назоратда
1998 йил рўй берган Шоҳимардон фожеаси – катта тошқин оқибатида қурбонлар бўлгани Фарғона вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси раҳбарияти ва мутахассисларини ҳар доим сергакликка чорлаб туради. Ўша йиллардаги каби тошқин олди олинган бўлсада, баҳорги ёғингарчилик туфайли сел хавфи ҳали ҳам бор.
Фарғона вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи полковник Ғ. Алавиддинов раҳбарлигида вилоят ишчи гуруҳи вакиллари иштирокида Фарғона туманининг тоғли ҳудудлари ҳисобланган Шоҳимардон ва Ёрдон маҳаллаларида мавжуд сел йўлларининг ҳолати атрофлича ўрганилди.

Ўрганиш жараёнида сел йўлларининг ўзанларини тозалаш, қирғоқларини мустаҳкамлаш ҳамда сув оқимининг эркин ва хавфсиз ўтишини таъминлаш борасида олиб борилаётган амалий ишлар кўздан кечирилди. Шунингдек, мавжуд муаммолар аниқланиб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилди.

Мазкур ҳудудларда сел-тошқин хавфини камайтириш, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ҳамда фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирлар кучайтирилди.


Аҳоли билан бевосита мулоқотлар ташкил этилиб, уларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди ҳамда мавжуд муаммолар ўрганилди.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА