"Шинжон" усулида чигит экиш қизғин
Наманган вилоятининг Учқўрғон туманидаги “Меҳнатобод- Деҳқонобод” ҳудудида жойлашган “Тошпўлат ҳожи” ва “Оятилло” фермер хўжаликларида бугунги кунда жаҳон тажрибасида ўзини оқлаган замонавий “Шинжон” усули асосида чигит экиш ишлари олиб борилмоқда.
Хусусан, чигитлар плёнка остига, қўшқатор 76Х10 схемада экилиб, томчилатиб суғориш технологияси билан уйғунлаштирилган ҳолда амалга оширилмоқда. Бу эса сув тежамкорлигини таъминлаш, тупроқ намлигини сақлаш ва чигитнинг бир маромда униб чиқишига хизмат қилмоқда.


Аҳамиятли жиҳати шундаки, ушбу агротехнологик жараёнлар хорижий тажриба асосида, хусусан, хитойлик агромутахассисларнинг амалий кўрсатмалари ва тавсиялари асосида йўлга қўйилган. Бу эса технологиянинг тўғри ва самарали қўлланилишини таъминлаб, юқори натижаларга эришиш имконини бермоқда.


“Шинжон” усули меҳнат унумдорлигини ошириш, харажатларни қисқартириш ҳамда юқори ва сифатли ҳосил етиштиришда муҳим аҳамият касб этади. Шу боис бугунги кунда ушбу усул туманда кенг жорий этилмоқда.

Жорий йилда Учқўрғон туманида жами 2 минг 438 гектар майдонда янги усулда чигит экиш ишлари амалга оширилмоқда. Айни пайтда ушбу йўналишдаги ишлар изчил давом этмоқда ва фермерлар томонидан кенг қўлланилмоқда.

Замонавий агротехнологияларнинг жорий этилиши нафақат ҳосилдорликни ошириш, балки қишлоқ хўжалигини янги босқичга олиб чиқишда муҳим қадам бўлиб хизмат қилмоқда.

Наманган вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов бошчилигидаги ишчи гуруҳ қишлоқ ҳўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида Учқўрғон туманида олиб борган ўрганишлари давомида фермерларнинг саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдириб, чигит экишдаги янги усулни кенг жорий этиш юзасидан ўз тавсия ва топшириқларини берди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА