Шимолий Корея раҳбарининг соғлиги ёмонлашгани ҳақидаги хабар ҳақиқатга яқинми?
Шундан буён мана қарийб 10 кун ўтяптики, Ким Чен Ин ҳақида хабар берилмаяпти.
12 апрелда Шимолий Кореяда Олий халқ мажлисининг баҳорги сессиясини давлат раҳбари эмас, балки Олий халқ мажлиси президиуми раиси ва Давлат кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Цой Рён Хэ олиб борганлиги ҳақида хабар тарқалган эди.
У мамлакатда Ким Чен Индан кейин “иккинчи шахс“ ҳисобланади. Бироқ, кузатувчилар ушбу тадбирни Цой Рён Хэ олиб борганига эмас, балки унда Ким Чен Ин иштирок этмаганига кўпроқ эътибор қаратмоқда. Қолаверса, Шимолий Кореянинг Бир палатали парламенти аввал эълон қилинган санадан икки кун кечикиб йиғилди. Бироқ, Шимолий Кореянинг марказий телеграф агентлиги тарқатган хабарда бунинг сабаби айтилмаган.
Шундан буён мана қарийб 10 кун ўтяптики, Ким Чен Ин ҳақида хабар берилмаяпти.
Куни кеча Жанубий Кореянинг Daily NK нашри Шимолий Корея манбаларига таяниб, Ким Чен Иннинг ҳозирда даволанаётгани ҳақида хабар тарқатган эди. Хабарда айтилишича, у юрак-қон тизимида жарроҳлик амалиётини ўтказган.
Хабарда таъкидланишича, КХДР йўлбошчиси ҳозир Пхеньяндан 100 километрча шимоли-шарқдаги Мёхянсан тоғида дала ҳовлисида даволаняпти. 12 апрель куни Шимолий Корея олий раҳбарияти учун махсус қурилган касалхонага пойтахтдаги энг зўр жарроҳлар чақирилган. Бироқ, керакли муолажалар қилингандан кейин Ким Чен Иннинг аҳволи яхшиланган ва шифокорларнинг кўпчилигига жавоб бериб юборилган. Айни дамда врачлар давлат кенгаши раисининг яхшиланиш жараёнини кузатиб турибди, дея таъкидлади ушбу нашр.
Манбада айтилишича, Ким Чен Ин турган дала ҳовли шахсий гвардиянинг 30 дан ортиқ аъзолари ва Пхеньяндаги қўриқлаш Бош бошқармасининг кўп сонли ходимлари томонидан қаттиқ қўриқланмоқда. Одатда бу каби давлат объектларини қоровуллик хизматини ўтаётган ҳарбийлар қўриқларди. Ҳозир улар қўриқлаш хизматидан четлаштирилган. Хабарда шунингдек, КХДР йўлбошчисининг 2019 йил августда Пэктусан тоғига бир неча бор чиқиб келгач, юрак-қон тизимидаги муаммо туфайли аҳволи ёмонлашгани ҳам айтилмоқда.
Ким Чен Ин 11 апрелда Корея Меҳнат партияси Марказий қўмитаси сиёсий бюросининг мажлисини олиб борганди, 12 апрель куни эса, Пхеньянда мамлакатнинг биринчи шахсини олиб юрадиган вертолёт ва машиналар ҳаракати кўзга ташланган.
Айни пайтда ушбу хабарнинг тўғрилигини ҳам, нотўғрилигини ҳам ҳеч ким тасдиқлай олмаяпти. Чунки, Шимолий Кореянинг ўзида давлат раҳбарининг соғлиги билан боғлиқ вазият ҳеч қачон ошкор этилмайди. Қолаверса, қўшни давлатлар ҳам бу борада жўяли бир янгиликни айта олмаяпти.
Масалан, Чин мамлакатининг ташқи сиёсат идораси Шимолий Корея йўлбошчисининг соғлиги ҳақида матбуотда тарқатилган маълумотлардан хабардор эканини айтиб, аммо ушбу янгиликларнинг асл манбаси номаълум эканини маълум қилган.
Сешанба куни Хитой Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Гэн Шуан мазкур мавзуни изоҳлар экан, “Биз шу ҳақда оммавий ахборот воситаларида берилган хабарларга эътибор қаратдик, лекин уларнинг манбаси қаердалигини билмаймиз“, — деди.
Унинг таъкидлашича, Хитой билан Шимолий Корея дўст қўшнилар ҳисобланади, “Хитой Шимолий Корея билан икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлаш бўйича келгусида ҳам бирга ишлашга тайёр“, деди у. Шимолий Кореянинг энг яқин қўшниси тарқатган хабар ҳозирча шу.
Ким Чен Иннинг соғлиги ҳақидаги хабарга Москва ҳам ўз муносабатини билдирди.
Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков журналистларга Кремль КХДР йўлбошчиси Ким Чен Иннинг касаллиги ҳақидаги хабарни кўргани, аммо ушбу хабар ҳақиқатга қай даражада тўғри келиши борасида бир нарса айта олмаслигини, бу борада расмий маълумотларни кутиб қолаётганини маълум қилган.
“Биз матбуотда шундай хабарни кўрдик. Лекин ушбу хабар ҳақиқатга қай даражада яқин, билмаймиз. Расмий маълумотларни кутяпмиз“, — деди у.
Шимолий Корея раҳбарининг аҳволи билан боғлиқ хабар АҚШни ҳам эътиборсиз қолдирмади. Чунки, кечагина Оқ уй раҳбари Дональд Трамп Шимолий Корея лидери Ким Чен Ин билан муносабатлари ҳали ҳам яхши эканини таъкидлаб, яқинда ундан ажойиб хат олгани билан мақтанган эди.
“Шимолий Корея яқинда қисқа масофага учадиган ракета синовини амалга оширди. Шу билан бирга, мен Ким Чен Индан ажойиб мактуб олдим. Ўйлашимча, у билан муносабатларимиз жуда яхши“, — деганди у Вашингтонда уюштирилган матбуот анжуманида журналистларга.
Энди эса, АҚШ Ким Чен Иннинг соғлиги ёмонлашгани ҳақида разведка етказган маълумотларни ўрганаётганини таъкидламоқда.
CNN тарқатган хабарда таъкидланишича, ҳозирда АҚШ Шимолий Корея раҳбарининг аҳволи жарроҳлик амалиётидан кейин ёмонлашгани ҳақидаги разведка маълумотларни ўрганмоқда.
Ўз навбатида, Жанубий Корея расмийлари ҳам Ким Чен Иннинг соғлигида жиддий муаммо пайдо бўлган, деб ҳисобламаслигини маълум қилди.
КХДР Давлат кенгаши раиси Ким Чен Иннинг соғлигида муаммо борлиги ҳақидаги янгилик ҳақиқатдан узоқ. Бу борада эътиборни тортадиган бирор бир тенденция охирги пайтда кузатилмади, дейилади Жанубий Корея ҳукумати тарқатган манбаларда.
“Ким Чен Иннинг соғлиги ёмонлашди, деб ўйлашга асос бўладиган ҳеч қандай янгилик менга маълум эмас“, — деди ҳукуматнинг Шимолий Корея йўналишига масъул бўлган манба.
Жанубий Корея президенти маъмурияти ҳам худди шундай фикрни билдирмоқда.