ШҲТнинг Гиёҳвандликка қарши курашиш маркази таъсис этилади
Сенат ялпи мажлисида “Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ўртасида Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Гиёҳвандликка қарши курашиш маркази тўғрисидаги битимини (Тянцзинь, 2025 йил 1 сентябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.
Мазкур битим билан Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ)нинг доимий фаолият юритувчи органи – Гиёҳвандликка қарши курашиш маркази таъсис этилмоқда. Марказнинг жойлашган жойи этиб Тожикистон Республикасининг Душанбе шаҳри белгиланган.
Марказ аъзо давлатлар ваколатли органларининг гиёҳванд моддалар ва уларнинг прекурсорларининг ноқонуний айланишига қарши курашишдаги ҳамкорлигини мувофиқлаштириш, келишилган тезкор-профилактик тадбирларни режалаштириш, трансмиллий уюшган жиноий гуруҳлар фаолиятига чек қўйиш ҳамда минтақадаги наркотик вазиятни мониторинг ва таҳлил қилиш вазифаларини бажаради.

Сенаторларнинг таъкидлашича, мазкур қонуннинг қабул қилиниши гиёҳвандлик ва наркожиноятчиликка қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ҳамкор давлатларнинг илғор тажрибасини ўрганиш ҳамда фуқароларимиз саломатлиги ва мамлакатимиз хавфсизлигини ишончли таъминлашга хизмат қилади.
Муҳокама якунида сенаторлар қонунни маъқуллади.
Н.Абдураимова, ЎзА