Шайтонга “шогирд” тушган услубчи
Жиззахда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида вилоят халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази бўлим услубчиси 1 минг 200 АҚШ доллари олаётган пайтида ашёвий далил билан қўлга олинган.
Жиззахлик Бойқул Илиниболдиев (исми-шарифи ўзгартирилди) олийгоҳни яхшигина баҳоларга тамомлаб, меҳнатсеварлиги, билим ва иқтидори билан вилоят халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази бўлим услубчиси вазифасида иш бошлади. Ўзига яраша обрў-эътибор, ҳурмат-иззат топди, дўст-ёр орттирди.
Кўза кунда эмас, кунида синади, деганларидек, Бойқул мактаб ўқитувчилари О.Т. ва Ш.Қ.ни малака тоифаси олиш учун ўтказилаётган тест синовларидан танишлари ёрдамида ўтказиб бериш эвазига 1 минг 200 АҚШ доллари сўрайди.
Бойқул Илиниболдиев 1 минг 200 долларини фирибгарлик йўли билан олган вақтида қўлга олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28-, 211-моддаси (порахўрлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
А.Қаюмов, ЎзА