Шахмат: ёшлар ўртасида Жаҳон чемпионатининг бугунги турида ҳамюртимиз АҚШ вакили билан куч синашади
Италиянинг Монтесильвано шаҳрида 84 мамлакатнинг 778 нафар ёш шахматчилари 14, 16 ва 18 ёшгача бўлган ўсмирлар ҳамда қизлар ўртасидаги “FIDE World Youth Chess Championship 2026” мусобақаларида дона сурмоқда.
Дунёнинг энг иқтидорли “ақл гимнастикаси” соҳиблари қатнашаётган дунё биринчилигида Ўзбекистон шарафини 9 нафар ёш шахматчимиз ҳимоя қилмоқда.
Ўтказилган 8 та тур ўйинларидан кейин Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларидан Сарвиноз Бекмуратова 14 ёшгача бўлган қизлар ўртасида 6,5 очко жамғарган ҳолда 110 нафар иштирокчи орасида қўшимча кўрсаткичларга кўра, 2-ўринни банд этиб турибди. Яна бир шахматчи қизимиз Лазизабону Комилжонова мазкур ёш тоифасида 5,5 очко билан 12-ўринда ҳаракатланмоқда.
Ушбу ёш тоифасида 7 очко тўплаган озарбайжонлик Захра Аллахверди мусобақа жадвалида пешқадамлик қилмоқда. 3-ўриндан жой олган польшалик Бланка Эжсемонт ҳисобида ҳам 6,5 очко мавжуд.

Шунингдек, 16 ёшгача бўлган қизлар мусобақасида қатнашаётган ҳамюртимиз Руқия Олимова 4,5 очко билан 107 нафар тенгдошлари орасида 42-қаторни, 18 ёшгача бўлган қизлар орасида Мумтозбегим Мансурова 4 очко билан 104 нафар қатнашчи орасида 48-поғонани, 16 ёшгача бўлган ўғил болалар ўртасида Саъдулло Азизов 5 очко билан 150 нафар иштирокчи орасида 35, Рауф Қосимов 4,5 очко билан 41, 18 ёшгача бўлган ўғил болалар ўртасида Акобирхон Саидалиев 4,5 очко билан 131 нафар тенгқурлари орасида 44-поғонада ҳаракатланмоқда.
Бугун, 24 июнь куни ўтказиладиган 9-тур мусобақасида ўз ёш тоифасида совринли ўринлардан бирига даъвогарлик қилаётган Сарвиноз Бекмуратова оқ доналарда АҚШлик Лаура Қиу билан куч синашади.
Эслатиб ўтамиз, 11 та турдан иборат “FIDE World Youth Chess Championship 2026” баҳсларининг сўнгги тур ўйинлари 26 июнь куни бўлиб ўтади.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА