Шахмат ва парашахмат чемпионларига уй, автомобиль ва пул мукофотлари берилади
Президент Шавкат Мирзиёев шахмат ва парашахмат бўйича Ўзбекистон терма жамоалари аъзолари ҳамда уларнинг яқинлари билан учрашув ўтказмоқда.
Президентимиз шахмат ва парашахмат олимпиадаларининг ғолиб ва совриндорлари ҳамда уларнинг мураббийларини рағбатлантириш бўйича қарор қабул қилганини маълум қилди. Унга мувофиқ, чемпионлар Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров, Нодирбек Ёқуббоев, Муҳиддин Мадаминов ва Шамсиддин Воҳидов уй-жой ва автомобиль билан тақдирланади.
Парашахматчилар Аҳадхон Кимсанбоев, Марсель Шоюсупов, Сардорбек Мамараджабов, Селби Какишова ва Сирожиддин Зайниддиновга ҳам уй-жой ва автомобиль берилади. Терма жамоалар бош мураббийлари Рустам Қосимжонов ва Самандар Шермуҳаммадов автомобиль билан мукофотланади.
Олимпиада чемпиони бўлган ҳар бир шахматчи 200 минг доллар, уларнинг мураббийлари 50 минг доллар миқдорида пул мукофоти олади. Бронза медалини қўлга киритган ҳар бир парашахматчига 50 минг доллар, уларнинг мураббийларига 12 минг 500 доллардан берилади.
– Шахматчи ва парашахматчиларимиз бугуннинг ўзида янги машиналарини ҳайдаб, янги уйларига кириб боришади, – деди давлатимиз раҳбари.
Шу тариқа ғолиб ва совриндорларнинг меҳнати муносиб рағбатлантирилмоқда.
ЎзА