Шахмат: Умида Омонова Осиё чемпиони!
Бирлашган Араб Амирликларининг Ал-Айн шаҳрида шахмат бўйича ёшлар ва ўсмирлар ўртасида ўтказилаётган Осиё чемпионатида ҳамюртимиз, истеъдодли шахматчи Умида Омонова қитъа чемпионлигига эришди.
Осиёнинг 41 та давлатидан 650 нафар шахматчи иштирок этаётган чемпионатнинг 18 ёшгача бўлганлар ўртасида блиц йўналишидаги баҳслар сарҳисобига кўра, Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган Умида Омонова 1-ўринни қўлга киритди.
Ушбу йўналишда 14 та давлатдан 31 нафар иштирокчи ғолиблик учун кураш олиб борган бўлса, Умида ўтказилган 9 тур ўйинлари натижасида 8,5 очко жамғаришга муваффақ бўлди. Айни ҳолат унинг ғалабага эришишини таъминлади.

Чемпионатда иштирок этаётган терма жамоамиз аъзоларидан Даврон Шарипов 2-ўрин, Маликахон Жумаева ва Ҳуснорахон Ҳуснитдинова 3-ўрин соҳибига айлангани юртимиз шахматчиларининг шу ойнинг сўнгги кунларида Самарқандда ўтадиган блиц ва рапид йўналишлари бўйича жаҳон чемпионати олдидан ўзига хос натижаси бўлди, дейиш мумкин.
Қитъа чемпионати баҳслари 22 декабрга қадар давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА