Шахмат: Шамсиддин Воҳидов Анатолий Карпов турнирида қатнашмоқда
Россия Федерациясининг Ханти-Мансийск шаҳрида шахмат бўйича ўтказилаётган Анатолий Карпов номидаги XXIII халқаро турнирда иштирок этаётган иқтидорли шахматчимиз Шамсиддин Воҳидов 10 нафар иштирокчи орасида 2,5 очко билан 3-ўринда бормоқда.
Кеча ўтказилган 3-тур баҳсида Воҳидов турнирда биринчи рақам остида таснифланган арманистонлик Арам Акопян билан дуранг ўйнади.

Мазкур турда ҳиндистонлик Раунак Садхвани оқ доналарда россиялик Иван Землянскийни, беларуслик Денис Лазавик венгриялик Беньямин Гледурани мағлуб этди.
Шунингдек, кеча кечки пайт ташкил этилган 4-турда Воҳидов қора доналарда беларуслик Денис Лазавикка имкониятни бой бериб қўйиши натижасида Беларусь вакили 3 очко билан турнир пешқадамига айланди.

Бугун, 13 апрель куни халқаро турнирнинг 5 ва 6-тур ўйинлари бўлиб ўтади.
Унда Шамсиддин Воҳидов венгриялик Беньямин Гледура ва хитойлик Лу Шанлэй билан баҳс олиб боради.
9 та турдан иборат бўлган турнир мусобақалари 16 апрелга қадар давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА