Шахмат олимпиадаси: дунёнинг эътибори Самарқандга қаратилган
Самарқандда давом этаётган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси бетакрор, комбинацион ўйинлари, ақлни шоширар даражадаги дона суришлари, жамоаларнинг ўзига хос либослари билан дунё эътиборини ўзига қаратиб турибди.
Бугун мазкур ўйинларни бевосита кузатиш учун 200 дан зиёд миллий шахмат федерацияларнинг раҳбарлари, Европа, Осиё, Африка, Океания ва Америка қитъасининг 100 га яқин давлатларнинг расмий мулозимлари қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқандга ташриф буюришди.

Шахмат олимпиадаси баҳслари, унинг тафсилотлари, мусобақа жараёнлари, шахматчилар билан интервьюлар, учрашувлар таҳлили турли интернет тармоқлари, платформалар, теле дастурлар, алоҳида блоклар орқали миллионлаб шахмат ишқибозларига етказилмоқда.
Бошқача айтганда, 200 дан зиёд мамлакатлардаги шахмат ихлосмандлари мусобақалар, унинг натижалари ҳақидаги кундалик маълумотлар билан танишиб бормоқда.
Бу, 24 соатдан иборат бўлган бир кунда минг-минглаб турли қитъадаги инсонлар Ўзбекистон, Самарқанд номларини бот-бот такрорлаётганлигидан, эслаётганлигидан, юртимизнинг жозибасидан, тароватидан баҳра олаётганлигидан далолатдир.

Бевосита мусобақалар тафсилотига тўхталадиган бўлсак, ортда қолган 7-тур ўйинларидан кейин Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров, Нодирбек Ёқуббоев, Шамсиддин Воҳидов, Муҳиддин Мадаминовдан иборат Ўзбекистон-1 жамоаси Хитойни мағлубиятга учратиб, Олимпиада олтин медалларига эгалик ҳиссини мустаҳкамлади.

Ушбу турда Арманистон – АҚШ қарама-қаршилигида муроса йўли танланган бўлса, Англия – Ҳиндистон “дуэли”да 1,5:2,5, Германия – Туркия баҳсида 3:1, Нидерландия-Болгария-3,5:1,5, Греция-Озарбайжон-1,5:3,5, ҳисоблари қайд этилиши натижасида совринли ўринларга номзодлик пойгасида кураш янада қизигандан қизишини кўрсатяпти.
Аёллар мусобақасида Афруза Ҳамдамова, Гулруҳбегим Тоҳиржонова, Нилуфархон Имомқўзиева, Гулдона Каримовадан ташкил топган Ўзбекистон-1 жамоаси Словенияни тор-мор этиб, хотин-қизлар гуруҳида совринли ўринларга даъвогарлик сари ишончли қадамни ташлади.

Шунингдек, эркаклар гуруҳида Ўзбекистон-2 жамоаси Франция билан 2:2 кўринишида дурангга эришди, Ўзбекистон-3 вакиллари эса Жанубий Африка жамоасини 3:1 ҳисобида мағлуб этди.
Бугун, 24 сентябрь куни шахмат олимпиадасининг 8-тур баҳслари бўлиб ўтади.
Унда Ўзбекистон-1 эркаклар жамоаси Германияга қарши дона сурса, Ўзбекистон-2 шахматчилари Англия, Ўзбекистон-3 вакиллари Швейцария қаршилигини енгиш учун кураш олиб боради.
Аёллар шахматида ишончли ўйин намойиш эта бошлаган Ўзбекистон-1 жамоаси 8-турда Нидерландия билан, Ўзбекистон-2 Куба ҳамда Ўзбекистон-3 шахматчи қизлари Ямайка жамоаси билан куч синашади.
Т. Рўзиев, ЎзА