Шахмат: Нодирбек Абдусатторов Германияда нуфузли турнирда қатнашмоқда
Германияда бошланган “Grenke Chess Festival” халқаро турнирининг илк турида Нодирбек Абдусатторов муваффақиятга эришди.
Мукофот жамғармаси 285 минг евродан иборат бўлган мазкур турнир икки форматда ўтказилади.
Нуфузли мусобақада Магнус Карлсен, Ян Непомнящий, Максим Вашье-Лаграв, Винсент Кеймер, Левон Аронян сингари энг маҳоратлилар қаторида ўзбекистонлик шахматчилардан Нодирбек Абдусатторов, Нодирбек Ёқуббоев, Шамсиддин Воҳидов, Афруза Ҳамдамова фристайл йўналишида, Муҳаммадзоҳид Суяров, Ҳумоюн Бекмуратов, Муҳаммадали Абдураҳмонов ва Гулруҳбегим Тоҳиржонова классик йўналишидаги баҳсларда қатнашмоқда.
Кеча халқаро турнирнинг бир қатор жуфтликларида 1-тур ўйинлари ўтказилиб, фристайл йўналишидаги баҳсларда Нодирбек Абдусатторов австриялик Эмануэль Хёглни, Нодирбек Ёқуббоев германиялик Маттиас Бахни, Шамсиддин Воҳидов испаниялик Элои Эскудеро Рибони доғда қолдирди.
Халқаро шахмат федерацияси рейтингининг етакчиси, собиқ жаҳон чемпиони Карлсен дастлабки турда озарбайжонлик Нармин Халафовани мағлуб этди.
Айтиш лозим, 9 та турдан иборат “Grenke Chess Festival” халқаро мусобақасида умумий ҳисобда 984 нафар шахматчи дона сурмоқда.
Фристайл йўналиши бўйича жаҳон чемпионатига йўлланмаларни тақдим этадиган баҳслар 6 апрелгача давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА