Шахмат: Аронян билан дурангга эришган Синдоров бугун Праггнанандха билан “жанг” қилади
Бугун, 11 август куни АҚШнинг Сент-Луис шаҳрида шахмат бўйича “Grand Chess Tour” сериясининг ҳал қилувчи босқичи ҳисобланган “Sinquefield Cup 2026” турнирининг 2-турида ҳамюртимиз Жавоҳир Синдоров қора доналарда ҳиндистонлик Праггнанандха Рамешбабу билан куч синашади.
Умумий мукофот жамғармаси 350 минг АҚШ долларидан иборат нуфузли турнирнинг ортда қолган илк турида Жавоҳир Синдоров Америка шарафини ҳимоя қилаётган Левон Аронянга қарши дона сурди.

Қора доналарда ҳаракатланган Аронян 30-юришда хатоликка йўл қўйиши Жавоҳирни устунлик позициясига олиб чиққандек эди. Бироқ, 35-юриш вазиятида ҳамюртимиз ҳам ишончсиз дона суриши Левонни муқаррар мағлубиятдан сақлаб қолди, дейиш мумкин.
Шундай бўлса-да, Синдоров иккита пиёда устунлигига эга бўлган ҳолатда 53-юришдан бошланган тенглик ўйинни дуранг билан якунлади.

Ушбу турда АҚШ вакили Фабиано Каруана нидерландиялик Жорден ван Форестни мағлуб этган бўлса, қолган 3 та турда ҳам Синдоров-Аронян натижаси қайд этилди.
Эслатиб ўтамиз, 10 нафар маҳоратли шахматчилар иштирокида ўтаётган мазкур мусобақада ғолибликка эришган шахматчи 100 минг АҚШ доллари билан тақдирланади. Кейинги ўринлардан жой олган шахматчилар ҳам турнир низомига биноан тегишли пул мукофотларини қўлга киритади.
9 та турдан иборат турнир 20 августда якунланади.
Т.Рўзиев,
ЎзА