Шавкат Абдураззоқов Наманган вилояти ҳокими этиб тасдиқланди
Наманган шаҳрида халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтмоқда.
Сессияда Президентимиз 2020 йил 25 сентябрдан буён Наманган вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи бўлиб келаётган Шавкат Абдураззоқов номзодини вилоят ҳокимлигига тавсия этди.
Шавкат Абдураззоқов 2006 йил Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясини тамомлаган. 2015-2017 йилларда Наманган тумани ҳокими бўлиб ишлаган. Сўнгра 2017-2020 йилларда Наманган шаҳар ҳокими лавозимида фаолият юритган. У 2020 йил мартда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси этиб тайинланган эди.

– Бир жойга раҳбар қўйишдан олдин уни турли лавозимларда синаб кўрамиз. Ҳоким тайинлаш осон иш эмас. Ҳоким бўлиб ишлаш ҳам осон эмас. Наманганда катта саноат корхоналари йўқ. Тадбиркорликни қўллаб-қувватлайдиган, Мингбулоқда, Янгиқўрғонда, Чустда аҳвол қандайлигини биладиган, одамлар кайфиятини ҳис қиладиган ҳоким керак. Шу жиҳатдан Шавкат Абдураззоқов Наманган вилоятини яхши билади, у ўзларингизнинг ичингизда юрган. Ҳозир ундан бошқа муносиб номзод йўқ, десак адолатли бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Сессияда депутатлар ва фаоллар номзод ҳақида фикрларини билдирди.
Муҳокамалар якунига кўра Шавкат Абдураззоқов Наманган вилояти ҳокими этиб тасдиқлади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА