Шарқ алломалари мероси билимдонлари беллашуви
Тошкент халқаро аэропортида “Буюк Шарқ Ренессанси” халқаро олимпиадасининг бир гуруҳ иштирокчилари кутиб олинмоқда.
Жорий йилнинг 5-7 май кунлари пойтахтимизда илк бор ўтказиладиган ушбу нуфузли билимлар беллашуви IX-XVI асрларда Марказий Осиё ҳудудида яшаб, ижод қилган буюк алломалар мероси ҳамда Шарқ Ренессанси даврига оид тарихий обидаларни ўрганиш ва тарғиб қилишга бағишланади.

Мазкур халқаро олимпиада Республика Маънавият ва маърифат маркази, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Фан олимпиадалари маркази, Ташқи ишлар вазирлиги, Фанлар академияси Тарих институти ҳамда “Маърифат” тарғиботчилар жамияти каби қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.
Режага кўра, олимпиада анъанавий тарзда ҳар икки йилда бир маротаба ўтказиб борилади. Бу йилги баҳсларда хорижий мамлакатлардан келган 14-18 ёшли ўқувчилардан иборат жамоалар иштирок этмоқда.

Низомга мувофиқ, ҳар бир давлатдан 4 нафар ўқувчи ва бир нафар раҳбардан иборат 2 тагача жамоа қатнашишига рухсат берилган.
Билимлар беллашуви икки босқичда ташкил этилади. Биринчи босқичда ўқувчиларнинг Шарқ алломалари ижоди ва асарлари бўйича билимлари синовдан ўтказилса, иккинчи босқичда жамоавий тарзда қуръа йўли билан танланган учта тарихий обида ҳақида ёзма иш тайёрланиши кўзда тутилган.
Н.Усмонова, ЎзА