Шарифа Давронова NCAA чемпионатида кумуш медаль соҳиби бўлди
АҚШ олий ўқув юртлари ўртасида енгил атлетика бўйича ўтказилган биринчи дивизион — NCAA чемпионатининг финал босқичида ўзбекистонлик спортчи Шарифа Давронова муваффақиятли иштирок этди.
Мусобақа 10–13 июнь кунлари АҚШнинг Южин шаҳридаги Ҳейуорд Филд стадионида бўлиб ўтди. Чемпионат финалига ҳар бир йўналиш бўйича ғарбий ва шарқий минтақалардан сараланган энг кучли 24 нафар атлет йўлланма олган эди.
Аёллар ўртасида уч ҳатлаб сакраш баҳсларида Шарифа Давронова Орегон университети жамоаси сафида қатнашиб, финалда олтинчи уринишда 14,15 метр натижа қайд этди ва кумуш медални қўлга киритди.
Мусобақа сўнгги уринишга қадар кескин курашлар остида ўтди. Ҳамюртимиз бир муддат пешқадамликни қўлга киритган бўлса, Шантае Форман 14,24 метр натижа билан чемпионликни расмийлаштирди.
Қувонарлиси, 14,15 метрлик кўрсаткич Шарифа Давронова учун жорий мавсумдаги энг яхши натижа бўлиб турибди. Ушбу натижа ўзбекистонлик спортчининг халқаро майдондаги юқори имкониятини яна бир бор намоён этди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА