Шанхайдаги йирик технопарк билан ҳамкорлик йўлга қўйилади
Рақамли технологиялар соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида янги ташаббуслар илгари сурилмоқда. Бу борада Рақамли технологиялар вазирлиги вакиллари Халқаро маълумотлар ҳамкорлиги йўналиши бош стратегия директори Франк Пан билан учрашув ўтказди.
Мулоқот давомида Шанхай шаҳридаги Линьган махсус ҳудудида ваколатхона очиш орқали Хитойнинг етакчи технологик компанияларини Ўзбекистонга жалб этиш масаласи муҳокама қилинди. Шунингдек, Хитойнинг нуфузли олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда маҳаллий университетларда стартап-хаблар ташкил этиш, рақамлаштириш соҳасида илғор тажрибани жорий этиш орқали мамлакатимизда рақамли хизматлар ва “ақлли шаҳар” тизимларини ривожлантириш йўналишлари кўриб чиқилди.

Маълум қилинишича, мазкур технопарк сўнгги олти йилда 100 миллиард АҚШ долларидан зиёд инвестицияларни жалб қилган бўлиб, унинг умумий майдони 120 квадрат километрдан ортиқни ташкил этади.

Учрашувда, шунингдек, Linkwise компанияси асосчиси ва раиси Томас Ванг томонидан Тахиатошда амалга оширилиши режалаштирилган маълумотларни қайта ишлаш маркази лойиҳасининг биринчи босқичи доирасида қиймати 70 миллион АҚШ долларига тенг бўлган ҳисоблаш ускуналари Ўзбекистонга жўнатилгани маълум қилинди.

Мазкур ҳамкорлик инновациялар, технологиялар алмашинуви ва инвестициялар кўламини кенгайтириш орқали икки томонлама алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА