Шанхайда Ўзбекистон – Хитой таҳлил марказлари форуми ташкил этилди
Шанхай шаҳрида “Ўзбекистон – Хитой муносабатларининг янги босқичи: умумий қараш ва умумий келажак” мавзусида илк бор “10+10” форматидаги Ўзбекистон ва Хитой етакчи таҳлил марказлари форуми ташкил этилди.
Форум “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамда Шанхай глобал бошқарув ва минтақавий тадқиқотлар академияси томонидан ташкил этилди.
Мазкур юқори даражадаги платформа икки мамлакат таҳлил марказлари ва университетлари ўртасидаги институционал ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ўзаро англашувни чуқурлаштириш ҳамда амалий сиёсий мулоқотни ривожлантириш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этади.
Форумда “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков ҳамда юртимиз ва хорижий университетларининг академик доира вакиллари ва сиёсатшунос-таҳлилчилари иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги кенг қамровли стратегик шерикликнинг истиқболлари, миллий стратегик ҳужжатлар — “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ва Хитойнинг 2026-2030-йилларга мўлжалланган беш йиллик дастури доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнлари муҳокама қилинди.
Жумладан, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик, минтақавий боғлиқлик, хавфсизлик ва барқарорлик масалалари ҳамда 2030–2050-йилларга мўлжалланган узоқ муддатли ҳамкорлик йўналишларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатлари изчил ривожланаётгани, мазкур ҳамкорлик икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш, минтақавий ва халқаро майдонда кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш учун мустаҳкам асос экани таъкидланди.
Шунингдек, “Ўзбекистон — 2030” стратегияси доирасида мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди.
Дарҳақиқат, икки давлат ўртасида экспертлик, илмий-таҳлилий ва гуманитар ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Тадқиқот марказлари, академик муассасалар ва экспертлар ҳамжамиятлари ўртасидаги мулоқотни кенгайтириш барқарор тараққиётни таъминлаш ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим саналади.
Ўз навбатида, Хитой томони вакиллари Ўзбекистон–Хитой муносабатларининг ривожланиш суръатларини юқори баҳолаб, ўзаро ишонч ва асосий ҳамкорлик йўналишлари бўйича амалий ҳамкорликнинг бугунги даражасини алоҳида қайд этдилар.
Хитойлик экспертлар Ўзбекистон ва Хитой таҳлилий марказлари ҳамда академик муассасалари ўртасидаги мулоқотни кенгайтиришга тайёр эканликларини билдирди.
Иштирокчилар ўзаро эришилган келишувлар ва ишлаб чиқилган тавсиялар Ўзбекистон – Хитой муносабатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини эътироф этишди.
М.Ҳожиакбарова, ЎзА