Шаҳарсозликда халққа кафолат, қурувчига шароит, давлатга интизом тақдим қиладиган янги формула
Президент ташаббуслари — амалда
У беш-олти йил тинимсиз ишлади. Пешона тери билан топган пулларини уй оламан деб қурувчи компанияга топширди. Ниятлари катта эди. Аммо қурилиш бошланганидан бир йил ўтиб, ўша ширкат ғойиб бўлди. На уйдан дарак бор, на пулдан.
Энди бошқа бир ҳаётий мисол. Маҳаллалардан бирида нохуш воқеа содир бўлди. Аниқроғи, болалар ўйнайдиган ягона яшил майдонча ўрнида бир кечада тўсиқлар пайдо бўлди. Ҳеч қанча вақт ўтмай, баланд бино қурилиши бошланди. Оқибатда маҳаллада чироқ тез-тез ўчадиган, сув босими пасайиб, канализация тизими дош беролмайдиган бўлиб қолди.
Бу каби оғриқли мисоллар ҳаётимизда, афсуски, кам учраётгани йўқ. Рақамларга эътибор қаратинг. Ўтган йилнинг ўзида мамлакатимизда улушли уй-жой қурилиши билан боғлиқ фирибгарликлар туфайли 3 мингга яқин фуқаро нақд 668 миллиард сўмлик зарар кўрган. Шунингдек, 2025 йилда 1 минг 952 та ноқонуний ва ўзбошимчалик билан қурилган объект аниқланган.
Хўш, бу каби бош-бошдоқликка қандай чек қўйса бўлади?
Шу йилнинг 10 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида урбанизация ва шаҳарсозлик соҳасидаги ислоҳотлар самарадорлигини ошириш бўйича ўтказилган тақдимот айнан мана шундай долзарб масалаларга мукаммал ечим беришга қаратилгани билан ғоят аҳамиятли бўлди.
Бугун Ўзбекистон аҳолиси энг тез кўпайиб бораётган мамлакатлардан бири саналади. Ҳар йили оилалар сони 250 минг атрофида кўпаймоқда. Одамлар шаҳарларга талпиняпти. Юртимизда шаҳар аҳолиси улуши 50 фоиздан ошиб кетди. Шаҳарлар эса режасиз, тарқоқ ривожланса, юқоридаги каби инфратузилмавий инқирозлар келиб чиқаверади.
– Бугунги кунда республикамиздаги 8 минг 604 та аҳоли пунктидан бор-йўғи 2 минг 506 таси, яъни 29 фоизи бош режалар билан қамраб олинган, – дейди Урбанизация ва уй-жой бозорини ривожлантириш миллий қўмитаси бошқарма бошлиғи Азизбек Латифжонов. – Қолган 71 фоизида эса тизимли назорат суст эди. Тўғри, «Шаффоф қурилиш», «E-auksion», «E-qaror», «Менинг уйим» каби электрон тизимлар бор эди. Лекин улар бир-бири билан «гаплашмасди». Яъни ягона база йўқ эди. Ер бир тизимда, лойиҳа бошқасида, рухсатнома эса мутлақо бўлак жойда шаклланарди. Энди бу тизим тубдан ўзгаради. Янги тартибга кўра, соҳага «Уй-жой» ягона ахборот платформаси киритилади. Қурилиш жараёнларига ҳудуднинг, лойиҳанинг ҳамда объектнинг рақамли паспортлари жорий этилади. Рўйхатдан ўтмаган шаҳарсозлик ҳужжати юридик кучга эга бўлмайди. Бу эса ҳеч бир тадбиркор ўзбошимчалик билан келиб, маҳалла ўртасида ноқонуний бино кўтара олмаслигини англатади.
Таъкидланишича, мақоламиз бошида келтирилган муаммоли ҳолатлар қайта такрорланмаслиги учун давлат энди «эскроу» тизимини ишга туширмоқда. Бу тизим қандай ишлайди? Оддий тилда изоҳлаймиз.
Сиз уй олмоқчи бўлсангиз, пулни тўғридан-тўғри қурувчининг қўлига ёки ҳисобига бермайсиз. Маблағингизни ваколатли банкдаги махсус «эскроу» ҳисобварағига жойлаштирасиз. Пул банкда хавфсиз сақланади. Қурувчи уйни тўлиқ битказиб, сизга калитни топширгач, топшириш далолатномаси имзоланганидан кейингина банк бу пулни қурувчига ўтказиб беради. Агар қурувчи банкрот бўлса ёки шартнома шартларини бузса, банкдаги пулингиз ўзингизга тўлиқ қайтарилади. Бу фуқаро учун юз фоизлик хавфсизлик кафолатидир.

Тақдимотда тилга олинган яна бир катта масала реновация бўлди. Яъни эскирган уй-жой фондини янгилаш йўналиши ҳақида топшириқлар берилди. Мамлакатимизда 1991 йилгача қурилган 17 мингта уй бор бўлиб, уларнинг кўпи маънан ва жисмонан эскирган. Шаҳарсозлик реновацияси тўғрисидаги янги қонун мана шу уйларда яшаётган аҳолининг розилиги билан, уларнинг ҳуқуқларини тўлиқ ҳимоя қилган ҳолда, ушбу ҳудудларни комплекс янгилашни кўзда тутади.
Шаҳарни чексиз кенгайтиришнинг имкони йўқ. Ҳудуд четга қараб кенгайса, у ерга километрлаб янги газ, сув, электр тармоқларини тортиш керак бўлади. Бу эса давлат бюджетига улкан харажат туғдиради. Энг ёмони унумдор қишлоқ хўжалиги ерлари йўқотилади. Бу ўз навбатида озиқ-овқат хавфсизлигига ҳам жиддий таҳдиддир.
Шу боис, эски икки-уч қаватли уйлар ўрнида барча шароитлари мужассам, энергия тежамкор, атрофида камида 30 фоиз яшил ҳудуди ва 15 дақиқалик масофада мактаб, боғча, шифохонаси бўлган замонавий кўп қаватли мажмуалар қуриш энг оқилона йўлдир.
Ушбу ислоҳотлардан кимга нима наф? Келинг, ушбу саволга очиқ ва лўнда жавоб берайлик.
Энг аввало, халқимиз наф кўради. Одамлар уй олаётганда алданиб қолмайди. Кўп қаватли уйлар атрофида боғча, мактаб, яшил майдонлар бўлади. «Сув чиқмайди, чироқ ўчади» деган муаммолар барҳам топади. Чунки инфратузилма олдиндан ўн йиллик аҳоли ўсиши истиқболларига қараб ҳисоблаб, аниқ режа билан қурилади.
Инсофли ва ҳалол қурувчилар учун соғлом рақобат муҳити яратилади. Коррупция ва турли идоралар эшигида сарсон бўлишлар йўқолади. Ҳамма ҳужжат ягона рақамли тизимда шаффоф кўриниб туради.

Давлатга эса иқтисодий юксалиш ва қатъий тартиб жиҳатидан наф беради. Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, урбанизация даражаси бир фоизга ошса, мамлакат ялпи ички маҳсулоти ҳам тўғридан-тўғри шунча фоизга ўсади. Давлатнинг ер ресурслари тежалади. Инфратузилмага ортиқча ва беҳуда харажатлар қилинмайди. Энг муҳими, ноқонуний қурилишлар ва ижтимоий норозиликлар камаяди, халқнинг давлатга бўлган ишончи янада мустаҳкамланади.
Уйни шунчаки тўрт девор ва томдан иборат бошпана деб ўйламаслик керак. У ҳар биримиз хотиржам нафас оладиган, фарзандларимиз улғаядиган муқаддас макондир.
Давлатимиз раҳбари томонидан шаҳарсозликни рақамлаштириш, бош режаларни тизимга солиш ва улушли қурилишни назоратга олиш бўйича белгилаб берилган вазифалар эса шунчаки техник жараён саналмайди. Бу одамларнинг йиллар давомида топган ҳалол пулини фирибгарлардан асраш, шаҳарларимизни «бетон тўполонлари»дан қутқариб, чинакам яшил ва шинам маконга айлантириш демакдир.
Икром АВВАЛБОЕВ,
ЎзА шарҳловчиси