Сеулдаги нуфузли университет билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Корея Республикасида ўтаётган "Ўзбекистон маданияти кунлари" икки давлат ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқмоқда. Делегация Сеулда санъат ва таълим соҳасидаги алоқаларни чуқурлаштириш учун муҳим қадамлар ташлади.
Президентимизнинг Корея Республикасига амалга оширган ташрифи ҳамкорликнинг кенг тус олишига сабаб бўлмоқда. Хусусан, мазкур мамлакат билан йўлга қўйилаётган маданий алоқалар ўзбек санъати ривожи учун ҳам янги босқич бўлади десак, адашмаймиз.
Айни кунларда Корея Республикасида "Ўзбекистон маданияти кунлари" бўлиб ўтаётгани ҳам фикримизнинг исботидир. Маданият кунлари доирасида Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков бошчилигидаги делегация Сеул шаҳридаги нуфузли олий таълим муассасаларидан бири Sungshin Women’s Universityда бўлди.
Таълим муассасасида Ўзбекистон делегацияси ҳамда Sungshin Women’s University вакиллари иштирокида ҳамкорлик учрашуви бўлиб ўтди. Мулоқот давомида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тасарруфидаги Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти ҳамда Sungshin Women’s University ўртасида тажриба алмашиш, профессор-ўқитувчиларнинг малакасини ошириш ва стажировка ўташини ташкил этиш, шунингдек, талабалар алмашинуви дастурларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув манфаатли келишувларга бой бўлиб, якунда Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти ва Sungshin Women’s University ўртасида ректорлар иштирокида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Мазкур ҳужжат икки таълим муассасаси ўртасида маданият ва санъат соҳасида таълим ҳамда тажриба алмашинувини ривожлантириш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар учун академик алоқаларни кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга оширишга хизмат қилади.
Шунингдек, музокаралар мобайнида Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги маданият ва санъат алоқаларини ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси учун Sungshin Women’s University президенти, профессор Сеонг Кеун Йига Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институтининг фахрий профессори унвони топширилди. Ушбу эътироф икки мамлакат ўртасидаги маданий-гуманитар алоқалар, ўзаро ҳурмат ва ишончни янада мустаҳкамлашга қаратилган ҳамкорликнинг муҳим ифодаси бўлди. Ўз навбатида, Сеонг Кеун Йи мазкур фахрий унвонни ўзига билдирилган юксак ишонч сифатида қабул қилиб, миннатдорлик билдирди.
Расмий учрашувлардан сўнг Ўзбекистон делегацияси аъзолари университетнинг моддий-техник базаси ва таълим жараёни билан яқиндан танишди. Хусусан, овоз ёзиш студияси, грим усталарини тайёрлаш маркази, актёрлик маҳорати учун мўлжалланган аудиториялар ҳамда мусиқа терапияси кафедраси фаолияти билан яқиндан танишилди.
Қайд этиш керакки, ташриф доирасидаги учрашув ва мулоқотлар Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасида маданият, санъат ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, ўзаро тажриба алмашиш ҳамда ёш ижодкорлар учун янги имкониятлар яратишда муҳим аҳамият касб этади.
Шербек Исломов, ЎзА