Сенатнинг йигирманчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади
Бугун, 2026 йил 2 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирманчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.
Унда Сенат ва Ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этмоқда.
Ялпи мажлисда Конституциявий суд фаолиятини, озиқ-овқат маҳсулотининг хавфсизлиги, болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизимини, Марказий банк фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган, халқаро меҳнат стандартларининг миллий қонунчиликка имплементация қилинишига оид қонунлар муҳокама қилинади.

Уюшган жиноятчилик ва жамоат тартибига қарши жиноятлар учун жавобгарликни кучайтириш, давлат ветеринария назоратини такомиллаштириш, маъмурий жавобгарликни тартибга солишга қаратилган қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш билан боғлиқ қонунлар кўриб чиқилади.
Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг Тоза энергия маркази уставини, Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ўртасида Гиёҳвандликка қарши курашиш маркази тўғрисидаги Битимни, Марказий Осиё давлатлари ва Хитой ўртасида абадий яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Шартномани, шунингдек, Ўзбекистон ва Покистон ўртасида маҳкумларни топшириш тўғрисидаги Битимни ратификация қилишга оид қонунлар муҳокама қилиниши назарда тутилмоқда.

Шу билан бирга, қурилиш соҳасида коррупция ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш юзасидан қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирига юборилган парламент сўрови натижалари ҳам кўриб чиқилиши белгиланган.
Мажлисда кўриб чиқиладиган барча масалалар ҳақида батафсил ёритиб борамиз. Бизни кузатиб боринг!
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА