Сенатнинг қонунчилик таклифи кўриб чиқилди
Янги таҳрирдаги Конституциямизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг устуворлиги, барчанинг қонун олдида тенглиги ҳамда ҳар қандай камситишга йўл қўймаслик принциплари мустаҳкамлаб қўйилган. Бу инсон қадрини улуғлаш, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш борасидаги ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосини янада кучайтирди.
Сенатнинг “Халқаро меҳнат стандартлари миллий қонунчиликка имплементация қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартириш ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонунчилик таклифи фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини янада ишончли ҳимоя қилишда муҳим аҳамиятга эга.

Мазкур қонунчилик таклифи парламент қуйи палатаси мажлисида кўриб чиқилди. Ушбу таклиф Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган Халқаро меҳнат ташкилотининг 111-сонли Конвенцияси нормаларини миллий қонунчиликка изчил жорий этишга хизмат қилади. Унга кўра, Меҳнат кодексида меҳнат ва машғулотлар соҳасида камситиш белгилари қатори “терисининг ранги” ва “сиёсий қарашлар” тушунчалари билан тўлдирилмоқда.
Шунингдек, қонунчилик таклифида меҳнат муносабатларида инсон шаъни ва қадр-қимматини таъминлаш, иш жойларида шаҳвоний шилқимликнинг олдини олишга қаратилган ҳуқуқий механизмларни жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, Меҳнат кодексини меҳнат ва машғулотлар соҳасида шаҳвоний шилқимликка йўл қўймасликка оид янги норма билан тўлдириш таклиф этилмоқда.
Таъкидланганидек, қонунчилик таклифининг қабул қилиниши фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини янада ишончли ҳимоя қилиш, халқаро меҳнат стандартларига содиқликни амалда намоён этиш, мамлакатнинг халқаро майдондаги ижобий имижини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
М.Комилова, ЎзА