Сенатнинг ўн тўртинчи ялпи мажлиси давом этмоқда
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн тўртинчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирмоқда.
Унда Сенат ва Ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этмоқда.
Куни кеча бошланган ялпи мажлис биринчи иш кунида “Шаҳарсозлик реновацияси тўғрисида”, “Автомобиль йўллари тўғрисида”, “Риэлторлик фаолияти тўғрисида”, “Суд-экспертлик фаолияти тўғрисида”, “Давлат органининг ёки унинг мансабдор шахсининг қонунга хилоф қарори, ҳаракати ёхуд ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисида”, “Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”, “Қўриқлаш фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонунлар маъқулланди.

Бугун мажлисда тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари фаолиятини такомиллаштириш, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини кучайтиришга қаратилган қонунлар муҳокама қилинади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Ҳукумати ўртасида ушлаб бериш тўғрисидаги битимни ратификация қилиш масаласи кўриб чиқилади.

Ялпи мажлис доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг 2025 йилдаги фаолияти тўғрисидаги маърузаси эшитилади.
Шунингдек, Омбудсманни сайлаш ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Бирлашган Араб Амирликларидаги Фавқулодда ва мухтор элчисини тайинлаш ва бошқа масалалари кун тартибидан ўрин олган.
Мажлисда кўриб чиқиладиган барча масалалар ҳақида батафсил ёритиб борамиз. Бизни кузатиб боринг!
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат),
ЎзА