Сенатнинг ўн саккизинчи ялпи мажлиси қачон бўлиши маълум қилинди
Олий Мажлис Сенати кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн саккизинчи ялпи мажлисини чақириш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Ялпи мажлис кун тартибига мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш, бозор муносабатларини такомиллаштириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, давлат пенсия таъминоти тизимини такомиллаштириш, мудофаа ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда қонунчиликни янада такомиллаштиришга қаратилган муҳим қонунлар ва масалалар киритилган.
Сенаторлар Ўзбекистон Республикасида “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган коммунал хўжалиги ходими” фахрий унвонини таъсис этиш тўғрисидаги қонунни муҳокама қилади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маъруза эшитилади.
Шунингдек, Самарқанд вилоятининг Самарқанд туманини тугатиш, Оқдарё, Пастдарғом, Тойлоқ туманлари ва Самарқанд шаҳри чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масала ҳам ялпи мажлис кун тартиби доирасида муҳокама этилади.
Кенгаш қарорига мувофиқ Сенатнинг ўн саккизинчи ялпи мажлиси 2026 йил 7 август куни бўлиб ўтади.
Н.Абдураимова, ЎзА