Сенатнинг ўн олтинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади
Бугун, 2026 йил 13 июнь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн олтинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.
Унда Сенат ва Ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этмоқда. Сенат Раиси Танзила Норбоева бошқараётган мажлисда суд ҳокимияти органлари фаолиятини молиялаштириш, аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш, коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини оширишга қаратилган қатор муҳим қонунлар муҳокама қилинади.

Шу билан бирга, суд мустақиллиги ва судьялар дахлсизлигини таъминлаш, ов қилиш ва овчилик хўжаликлари фаолиятини янада такомиллаштириш ва халқаро молиявий муносабатларга оид қонунлар ҳам мажлис кун тартибига киритилган.

Ялпи мажлисда ипакчиликни ривожлантириш, пилла етиштириш ва қайта ишлаш самарадорлигини ошириш, озуқа базасини яхшилаш ҳамда экспорт салоҳиятини кенгайтириш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш масаласи ҳам кўриб чиқилади. Бундан ташқари, сенаторлар Марказий банкнинг 2025 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини эшитади.
Мажлисда кўриб чиқиладиган барча масалалар ҳақида сайтимизда ёритиб борамиз. Бизни кузатиб боринг!
Н.Абдураимова, Ф.Абдурасулов (сурат), ЎзА