Сенатда болалар ҳимояси ҳақида қандай фикрлар билдирилди? (+видео)
Бугун, 2026 йил 2 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирманчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади. Унда Сенат ва Ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Ялпи мажлиснинг биринчи иш кунида Конституциявий суд, озиқ-овқат хавфсизлиги, банк фаолияти, халқаро меҳнат стандартларининг миллий қонунчиликка имплементация қилинишига оид қонунлар муҳокама қилинди.
Уюшган жиноятчилик ва жамоат тартибига қарши жиноятлар учун жавобгарликни кучайтириш, давлат ветеринария назоратини такомиллаштириш, маъмурий жавобгарликни тартибга солишга қаратилган қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш билан боғлиқ қонунлар кўриб чиқилди.
Ялпи мажлисда “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қизғин муҳокама марказида бўлди.
Қонун бўйича маъруза қилган Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Абдулҳаким Эшмуродов болаларга нисбатан содир этилаётган оғир ва ўта оғир жиноятлар, айниқса, уларнинг жинсий дахлсизлигига тажовуз қилиш ҳолатлари барчани жиддий ташвишга солаётганини таъкидлади.
– 14 ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш билан боғлиқ жиноятлар 2022 йилда 85, 2023 йилда 123, 2024 йилда 129, 2025 йилда эса 123 тани ташкил этди, - деди А. Эшмуродов. – Қонун билан Жиноят, Жиноят-процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Жиноят-ижроия, Меҳнат кодекслари ҳамда бир қатор соҳавий қонун ҳужжатларига муҳим ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.Жумладан, 14 ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш ҳамда унга нисбатан жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб, ғайритабиий усулда қондирганлик учун 25 йилгача ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси жорий этилмоқда.
Мазкур масала бўйича муносабат билдирган Сенат Раиси Танзила Норбоева зўравонлик ҳақидаги хабарларни ҳар томонлама баҳолаш ва тегишли чораларни кўриш зарурлигини таъкидлади.
– Боланинг процессуал ҳуқуқларига риоя этилиши устидан қатъий назорат ўрнатилиши керак, - деди Т.Норбоева. – Шунингдек, масъул идораларнинг ҳаракатсизлиги ёки бундай ҳолат юз беришига шароит яратиб берган ҳаракатларига ҳам ҳуқуқий баҳо берилиши лозим. Биринчи навбатда, болани ҳимоя қилиш чораларини кўрмаган, хабарни яширган, ўз вазифасини бажармаган мансабдор шахслар бўйича жуда қатъий чоралар кўрилиши керак. Бошқалар ҳам бундай ҳолатларга йўл қўйиш қандай оқибатларга олиб келишини билиши лозим.Бу оддий эътиборсизлик эмас, балки жиноятдир. Шунинг учун мансабдор шахслар қонунда белгиланган жавобгарлик чораларини яхши билиши керак. Бундан ташқари, боланинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш, қонунда белгиланган ҳолларда судга мурожаат қилиш, боланинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш чораларини қатъий таъминлашимиз зарур.
Мажлисда ушбу тоифадаги жиноятлар бўйича жавобгарликка тортиш ва ҳукмни ижро этиш муддати ўтиб кетганлиги қўлланилмаслиги, шунингдек, боланинг ўлимига сабаб бўлган қасддан жиноят содир этган шахсга нисбатан шартли ҳукм қилиш ва муддатидан илгари шартли озод қилиш тақиқланиши қайд этилди.
Мажлисда қонуннинг ижроси ва уни аҳолига тушунтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Сенаторлар бу масалада фикр билдириш билан бирга мутасаддиларни саволларга тутди.
– Жиноятчилик билан боғлиқ ҳолатларни таҳлил қиладиган бўлсак, айрим тоифадаги жиноятлар сони ортиб бораётганини кўряпмиз, - деди сенатор Ҳусан Эрматов. – Бу, менинг назаримда, озгина таҳлилни талаб қилади. Қонунни қабул қилишнинг ўзи етарли эмас. Масалан, қонун қабул қилинганидан кейин унинг мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш жуда муҳим. Айниқса, ушбу қонунларни ижро этадиган ташкилотлар, таълим муассасалари ва тегишли идораларга унинг мазмун-моҳиятини тўлиқ тушунтириш, кейин эса кенг жамоатчиликка етказиш ва қонун талабларини уларнинг онгига сингдириш нуқтаи назаридан қандай чора-тадбирлар кўрилади? Шу масалада қандай ишлар амалга оширилиши режалаштирилган?
Бунга жавобан Адлия вазири ўринбосари Миржалол Аллакулиев қонун қабул қилинганидан сўнг тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва ваколатли органлар билан ҳамкорликда унинг мазмун-моҳиятини аҳолига етказишга қаратилган мақсадли тарғибот дастури ишлаб чиқилишини билдирди. Ҳудудларда аҳоли билан бевосита учрашувлар ўтказиш, ижтимоий тармоқлар ва бошқа ахборот платформалари орқали қонунни кенг ёритиш ишлари амалга оширилади.
Ички ишлар вазири ўринбосари Ботир Қудратхўжаев қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг тушунтириш мақсадида таълим муассасалари, маҳалла фаоллари, фуқаролик жамияти институтлари ва манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда тарғибот ишлари олиб борилишини маълум қилди.
Бош прокуратура бошқарма бошлиғи Алишер Маҳмудов қонун моҳиятини кенг оммага етказиш, унинг ҳар бир хонадонга кириб бориши ва ҳар бир инсоннинг хулқ-атворига таъсир этиши учун ҳаракат қилиниши зарурлигини таъкидлади.
– Токи ҳар бир юртдошимиз ўз фарзандлари давлат ҳимоясида эканлигини чуқур ҳис қилсин. Фурсатдан фойдаланиб, Бош прокуратуранинг бу борадаги қатъий ва принципиал позициясини билдирмоқчимиз. Бу Бош прокуратура раҳбариятининг қатъий назоратида бўлади. Ушбу тоифадаги жиноятларга нисбатан жазо муқаррарлиги қонунда белгиланган энг қатъий, кескин нормалар асосида таъминланади, – деди А. Маҳмудов.
Сенат аъзоси Абдусаид Кўчимов болани зўравонликдан ҳимоя қилиш билан бир қаторда, уни зўравонлик, жиноятчилик ва бошқа салбий таъсирларга олиб борувчи муҳитдан асраш ҳам муҳимлигини қайд этди. Вояга етмаганларни салбий хатти-ҳаракатларга жалб қилмаслик учун фақат жазо чораларини кучайтиришнинг ўзи етарли эмас, бунда оила, таълим муассасаси, маҳалла ва профилактика субъектларининг ҳамкорлиги, боланинг муаммоларини барвақт аниқлаш ва унга зарур ижтимоий ёрдам кўрсатиш муҳим аҳамиятга эгалигини алоҳида таъкидлади.
Сенаторлар муҳокама давомида болаларни зўравонлик ва салбий муҳитдан ҳимоя қилиш, бундай жиноятларнинг олдини олиш, жазонинг муқаррарлигини таъминлаш билан бирга, профилактика ишларини кучайтириш зарурлигини қайд этди.
Ялпи мажлисда маъқулланган қонун билан болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қатор кучли ҳуқуқий механизмлар белгиланди.
Норгул Абдураимова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат),
Дониёр Ёқубов (видео),
Садимжон Обиджонов (монтаж), ЎзА