Сенат: жамоат тартибига таҳдид солувчи материаллар тарқалишининг олди олинади
Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида жамоат хавфсизлигини таъминлаш, экстремизмга қарши курашиш самарадорлигини ошириш ҳамда айрим ҳудудлар чегараларини ўзгартиришга оид масалалар муҳокама қилинди.
“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига экстремизмга қарши курашиш самарадорлигини оширишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокамаси жараёнида мураккаб геосиёсий шароит ва ахборот маконидаги хавф-хатарлар жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича чораларни кучайтиришни талаб этаётгани таъкидланди.

Қонун билан Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ҳамда ёшлар сиёсати, таълим ва ахборот соҳасига оид айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Сенаторларнинг фикрича, ушбу ҳужжат жамоат тартибига таҳдид солувчи материаллар тарқалишининг олдини олиш, давлат органлари ва жамоатчилик ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ҳамда миллий қонунчиликни халқаро стандартларга яқинлаштиришга хизмат қилади.

Мажлисда Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳри ва Томди тумани чегараларини ҳамда Сурхондарё вилоятининг Қизириқ ва Жарқўрғон туманлари чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Ҳудудларни мақбуллаштириш аҳоли сонининг ўсиши, инфратузилмага бўлган эҳтиёжнинг ортиши ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш истиқболлари билан боғлиқлиги таъкидланди. Мазкур ўзгаришлар ер ва мулк ресурсларидан самарали фойдаланиш, муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда ҳудудларни бошқариш самарадорлигини оширишга хизмат қилиши қайд этилди.

Кун тартибидаги масалалар юзасидан мутасадди вазирлик ва идоралар вакилларининг ахборотлари эшитилди, иштирокчилар томонидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Мажлис якунида кўриб чиқилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Н.Абдураимова,
ЎзА