Сенат: қурилиш объектларида хавфсизлик техникасига риоя этиш бўйича назорат тизимини кучайтириш зарур
Сенат ялпи мажлисида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Ш.Ҳидоятовга қурилиш соҳасида коррупциянинг олдини олиш қонунчилигига риоя қилиш юзасидан парламент сўрови юбориш масаласи муҳокама қилинди.
Мазкур масала юзасидан маъруза қилган Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси аъзоси Зумрад Бекатова Янги Ўзбекистонда қурилиш соҳаси иқтисодиётнинг “драйвери” эканини таъкидлади. Соҳани рақамлаштириш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, соҳада инсон қадрини улуғлаш ва қонун устуворлигини таъминлаш, коррупция ва манфаатлар тўқнашувини бартараф этишга тўсқинлик қилаётган айрим тизимли муаммолар ҳам сақланиб қолаётгани кузатилмоқда.

Хусусан, соҳада молиявий интизомни мустаҳкамлаш ҳамда мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш ҳолатларига чек қўйиш мақсадида ички назорат механизмларини тубдан қайта кўриб чиқиш ва кучайтириш зарурати мавжуд.
Таҳлиллар қурилиш объектларида хавфсизлик техникаси талабларига қатъий риоя этиш ва инсон ҳаётини муҳофаза қилиш энг устувор вазифа эканини кўрсатмоқда. Шу сабабли, бу борада назорат тизимини такомиллаштириш бўйича вазирлик зиммасига қатъий вазифалар қўйилиши таъкидланди.
Соҳада аҳолидан келиб тушаётган шикоятларни кўриб чиқиш самарасизлиги борасида кескин эътирозлар билдирилиб, фуқароларнинг ҳуқуқларини таъминлашда бюрократик тўсиқларни бартараф этиш зарурлиги қайд этилди.
Маънан эскирган айрим шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини халқаро стандартлар асосида тезкорлик билан хатловдан ўтказиш ва янгилаш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Парламент сўровида вазирликдан коррупцияга чек қўйиш, давлат харидларида шаффофликни таъминлаш, қурилиш сифатини назорат қилиш ва ишчилар учун хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш талаби қўйилди.
Муҳокама якунлари юзасидан Сенатнинг тегишли парламент сўровини юбориш тўғрисидаги қарори қабул қилинди.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат),
ЎзА