СЕНАТ: оилавий ажримларга чек қўйиш – эътибор марказида (+видео)
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн тўққизинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Унда Сенат ва Ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. Мажлиснинг иккинчи иш кунида Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳри ва Томди тумани, Сурхондарё вилоятининг Қизириқ ва Жарқўрғон туманлари маъмурий-ҳудудий чегараларини ўзгартиришга доир масалалар кўриб чиқилди.
Сенат қарорига кўра, Томди тумани ҳудудидан 2 минг 459 гектар ер майдонини Зарафшон шаҳри таркибига ўтказилади. Жарқўрғон тумани ҳудудидан 4 минг 740 гектар ер майдони Қизириқ тумани таркибига ўтказилади.
[gallery-31384]
Ялпи мажлисда ер ва кўчмас мулк муносабатларини тартибга солиш ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш масаласига эътибор қаратилди.
Муҳокама жараёнида Сенат аъзоси Абдусаид Кўчимов ўтган 5 йил давомида соҳани тартибга солишга оид 60 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилингани қайд этди. Илгари алоҳида фаолият юритган ахборот тизимлари ўрнига Жаҳон банки билан ҳамкорликда Кадастр ва кўчмас мулкларни рўйхатдан ўтказиш интеграцион ахборот портали – UZKAD тизими ишга туширилди.
Ер ва кадастр назоратини рақамлаштириш орқали самарадорликни ошириш мақсадида “E-YER NAZORAT” автоматлаштирилган ахборот тизими жорий этилиб, Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги ахборот тизимлари билан интеграция қилинди.
Ялпи мажлисда сенаторлар бу борада ўз ечимини кутаётган айрим масалаларга эътибор қаратди. Жумладан, кўчмас мулк объектларининг бозор қийматини белгилаш механизмларини жорий этиш ҳамда стратегик инвесторларга ер участкаларини ажратиш тартибини соддалаштириш ҳамда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатилаётган кадастр хизматлари сифатини ошириш чораларини кўриш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раисига мамлакатимизда оила институтини мустаҳкамлаш ва никоҳдан ажралишларнинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан юборилган парламент сўрови натижалари кўриб чиқилди.
Мазкур масала бўйича маъруза қилган Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилноза Каттахонова никоҳланувчилар учун 16 соатлик “Маиший зўравонликсиз бахтли оилавий ҳаётга тайёрлаш” махсус ўқув дастури ишлаб чиқилганини таъкидлади. Фуқаролик ишлари бўйича судларда никоҳдан ажратишга доир ишларни кўриб чиқиш жараёнида 2025 йилда 5 минг 235, 2026 йил биринчи ярмида 2 минг 666 ишда тарафлар яраштирилган. 2026 йилнинг биринчи ярмида 93 минг 312 никоҳ қайд этилиб, 96 минг 673 нафар никоҳланувчи ёшлар ушбу курсларда ўқитилган.
Низоли оилалар билан манзилли ишлашга мўлжалланган ayol.gov.uz платформасида “Оила” профили модули ишга туширилган.
Амалга оширилган ишлар билан бир қаторда, ечимини кутаётган масалаларга ҳам эътибор қаратилди. 2026 йилнинг ўтган даврида оилавий низолар бўйича атиги 151 медиатив келишув тузилгани никоҳдан ажралишларнинг олдини олиш ва оилавий низоларни ўзаро келишув асосида ҳал этишда медиаторларнинг мавжуд салоҳиятидан етарли даражада фойдаланилмаган.
Мазкур масала бўйича муносабат билдирган Сенат Раиси Танзила Норбоева бугунги кунда энг долзарб масалалардан бири – ҳар бир инсонни бевосита ташвишга соладиган оила ва оила мустаҳкамлиги масаласи эканини қайт этди.
– Бу жараён, аввало, инсон қадрини улуғлаш тамойилига асосланмоқда, - деди Т.Норбоева. – Зеро, инсон қадри, энг аввало, оила тинчлиги ва барқарорлигида намоён бўлади. Шу нуқтаи назардан, никоҳдан ажралишни оддий фуқаролик ҳолатидаги ўзгариш сифатида баҳолаш мумкин эмас. Бу – оилавий қадриятлар заифлашишига, энг муҳими, фарзандлар тақдирига салбий таъсир кўрсатадиган жиддий ижтимоий, маънавий ва ахлоқий муаммодир. Шунинг учун қабул қилинган қарорлар асосидаги чора-тадбирларни изчил давом эттиришимиз керак. Бу масалага фақат “назоратга оламиз” деган ёндашув етарли эмас. Энг муҳими, барча оилаларга бир хил ёндашувдан воз кечиш керак. Ҳар бир оиланинг муаммоси, эҳтиёжи ва имконияти турлича. Шунинг учун зарур ҳолларда маҳалла кесимида оилаларнинг ҳолатидан келиб чиқиб, уларни қўллаб-қувватлаш ва барқарорлаштириш бўйича аниқ, манзилли режалар ишлаб чиқилиши лозим. Оила институтини мустаҳкамлаш, никоҳ тузиш ва никоҳдан ажралишнинг психологик жиҳатларини ўрганиш бўйича олиб борилаётган тадқиқотларни давом эттириб, уларнинг натижаларини амалиётга татбиқ қилиш лозим. Умуман, асосий мақсадимиз аниқ: оилаларни сақлаб қолиш, уларда соғлом муҳитни шакллантириш, ажралишларнинг олдини олиш ва ҳар бир оиланинг барқарорлигини таъминлайдиган самарали, манзилли тизимни яратишдир.
Сенаторлар ўз чиқишларида ҳал этилиши лозим бўлган қатор вазифалар, шу жумладан, никоҳланувчи ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, низоли оилаларга психологик, ҳуқуқий ва ижтимоий ёрдамни манзилли кўрсатиш, эрта никоҳларнинг олдини олиш ҳамда илмий тадқиқотлар натижаларини амалиётга татбиқ этиш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирди.
Ялпи мажлисда Конституциявий суд ва Олий суд таркибига ўзгартиришлар киритилди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/lPJvSqfZPD8" title="SENAT: oilaviy ajrimlarga chek qo`yish –e’tibor markazida " frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Норгул Абдураимова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), Дониёр Ёқубов (видео), Салимжон Обиджонов (монтаж), ЎзА