Сенат: миллий сифат инфратузилмасининг бошқарув модели яратилади
Сенат ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига техник жиҳатдан тартибга солиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Мазкур масала бўйича маъруза қилган Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Анвар Тўйичев мамлакатимизда савдо ва саноат соҳасини ривожлантириш, техник жиҳатдан тартибга солиш, мувофиқликни баҳолаш, маҳсулотлар устидан давлат назорати тартиб-таомилларини Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ)нинг қоидаларига мувофиқлаштириш бўйича чора-тадбирлар изчил амалга оширилаётганини таъкидлади.
Мазкур қонун билан амалдаги айрим қонун ҳужжатларига ортиқча маъмурий тартиб-таомилларни бартараф этиш, миллий сифат инфратузилмасини илғор хорижий тажрибага таянган ҳолда ва комплекс ёндашув асосида институционал жиҳатдан ривожлантириш ҳамда соҳага оид миллий қонунчиликни халқаро нормалар, шу жумладан ЖСТ қоидалари ва нормаларига уйғунлаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Хусусан, “Метрология тўғрисида”ги қонунда истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш, аҳоли ҳаёти ва хавфсизлигини таъминлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш каби мақсадларда фойдаланиладиган ўлчаш воситалари давлат метрология назорати объекти сифатида белгиланмоқда.
“Стандартлаштириш тўғрисида”ги қонунда тадбиркорлик субъектлари томонидан мустақил равишда ишлаб чиқиладиган ва қўлланиладиган "корхона стандартлари" институти жорий этилмоқда.
“Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида”ги қонунда эса техник регламентларда хавфсизлик талабларини маҳсулотнинг хавф таҳлилидан келиб чиққан ҳолда белгилаш амалиёти назарда тутилмоқда.

Шу билан бирга, “Мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитация қилиш тўғрисида”ги қонунда мувофиқликни баҳолаш органларининг ваколатлилигига оид талаблар ва мезонларни белгилашда халқаро стандартларга устуворлик берилиши мустаҳкамланмоқда.
Сенаторлар маъқуллаган қонун миллий сифат инфратузилмасининг бошқарув моделини яратиш, техник жиҳатдан тартибга солиш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш соҳаларида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, шунингдек, мазкур соҳаларда қўлланиладиган айрим талаблар ҳамда атамаларни ЖСТ қоидалари ва нормаларига мувофиқлаштиришга хизмат қилади.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА