Сенат кенгашида Олий суд раисининг биринчи ўринбосари сайланди
Олий Мажлис Сенати кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Сенат Раиси Танзила Норбоева бошқарган мажлисда судьялар мустақиллигини мустаҳкамлаш ҳамда одил судловни таъминлашнинг институционал механизмларини ривожлантиришга қаратилган муҳим масала – Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг биринчи ўринбосарини сайлаш масаласи кўриб чиқилди.
Мажлисда кейинги йилларда мамлакатимизда суд ҳокимиятининг нуфузини ошириш, фуқароларнинг судларга бўлган ишончини мустаҳкамлаш, судьялар фаолиятида холислик ва мустақилликни таъминлаш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Бу жараёнда Олий суднинг ўрни ва аҳамияти алоҳида ҳисобланади.

Мазкур масала юзасидан Сенат кенгашининг тегишли қарори қабул қилинди. Қарорга асосан Фаррух Сойибжонович Абдураимов беш йил муддатга Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг биринчи ўринбосари – судлов ҳайъати раиси лавозимига сайланди.

Шу билан бирга, Алишер Атаханович Усманов Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилди.
Мажлисда сўзга чиққан сенаторлар суд тизимида кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш суд ҳокимиятининг самарали фаолиятини ташкил этишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Н.Абдураимова,
ЎзА