Сенат: Фақат эркак талабалар ҳарбий тайёргарликдан ўтиши белгиланган қонун такомиллаштирилади
Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди. Унда “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги қонуннинг Тошкент шаҳридаги олий таълим муассасаларида ижро этилиши ҳолатини ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.
Мамлакат мудофаа салоҳиятини ошириш, ҳарбий ҳаракатлар даврида қўшинларни малакали командирлар билан ўз вақтида тўлдириш, ҳарбий ҳисоб ихтисосликларини мустаҳкамлаш ҳамда замонавий қурол-аслаҳаларни бошқара оладиган юқори малакали офицерлар таркибини шакллантириш долзарб аҳамиятга эга.
Шу мақсадда Ўзбекистон Миллий университети Ҳарбий тайёргарлик ўқув маркази ва Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогик университети Ҳарбий таълим факультетида амалдаги қонунчиликка мувофиқ 33 йўналиш бўйича 1 минг 68 нафар резерв ва захирадаги офицер тайёрланмоқда.

Замонавий таҳдидларни ҳисобга олган ҳолда резерв ва захирадаги офицерларни тайёрлаш тизими такомиллаштирилиб, мавжуд ўқув дастурлари замонавий урушлар тажрибаси асосида бойитилган.
Шу билан бирга, Қуролли Кучларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, жанг олиб боришнинг янги усуллари, замонавий қурол-яроғ ва техникалар, учувчисиз учиш аппаратлари, роботлаштирилган воситалар ҳамда ўқ-дорилар ва улардан ҳимояланиш усуллари ўқув жараёнига жорий этилган.
Бундан ташқари, таълим муассасаларида захирадаги офицерларни тайёрлаш дастурлари талабларини тўлиқ бажариш мақсадида 200 дан ортиқ ўқув моддий-техник базалар яратилган ва жиҳозланган.
Мудофаа вазирлиги ҳарбий қисмлари ва муассасалари ўқув базалари ҳамда дала-ўқув майдонларида ўқув йиғинлари ва амалий машғулотларни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича зарур чоралар кўрилган. Шу билан бирга, мазкур амалий машғулотлар жараёнида замонавий қурол-аслаҳалар намуналаридан фойдаланиш амалиёти йўлга қўйилган.

Ҳарбий тайёргарлик бўйича якуний давлат аттестациясини муваффақиятли топширган ва бакалавриат таълимини тўлиқ тамомлаган талабаларга белгиланган тартибда “лейтенант” ҳарбий унвони берилиб, улар ҳақиқий ҳарбий хизматга чақирилмоқда ёки резерв ҳамда захира сафига ўтказилмоқда.
Шу билан бирга, олиб борилган ўрганишлар, аҳоли билан мулоқотлар, қонунчилик ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолати ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётининг таҳлили соҳада айрим муаммо ва камчиликлар мавжудлигини кўрсатмоқда.
Хусусан, ҳарбий тайёргарликдан ўтиш истагида бўлган хотин-қизлар сони кўпайиб бораётган бир шароитда уларнинг бу борадаги ҳуқуқларини кафолатловчи асослар етарли эмас. Жумладан, “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги қонуннинг 16-моддасида олий таълим муассасаларининг кундузги бўлимида ўқиётган фақат эркак талабалар ҳарбий тайёргарликдан ўтишлари белгиланган.
Ҳарбий таълим факультетларига ўқишга қабул қилинадиган талабаларни тиббий кўрикдан ўтказиш механизмлари ҳам аниқ белгиланмаган. Уларни тиббий кўрикдан ўтказиш жараёнида ҳудудийлик принципларига аниқлик киритилмаган.

Сенаторлар бу каби муаммоларни ҳал этиш мақсадида амалдаги қонун ҳужжатларини чуқур таҳлиллар асосида ўрганиб, такомиллаштириш масаласини кўриб чиқиш юзасидан ўз фикрларини билдирди.
Мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун ҳам дастлабки тарзда муҳокама қилинди.
Пробацияни амалга ошириш соҳасидаги қонун ҳужжатларида жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган шахслар устидан назорат қилиш механизмлари ва назорат субъектларининг бу борадаги вазифалари тўлиқ белгиланмагани мазкур муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан янада аниқ тартибга солишни талаб этмоқда.
Қонун айнан шу мақсадларга хизмат қилиб, шартли озод қилинган шахслар устидан самарали пробация назоратини ўрнатиш, улар томонидан қайта ҳуқуқбузарлик ва жиноят содир этилишининг олдини олиш, шунингдек тергов ҳибсхоналарида сақланаётган шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини янада ишончли таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятли.
Муҳокама якунида тегишли қарорлар қабул қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА