Сенат: Бюджет даромадларини ошириш ва яширин иқтисодиётни қисқартириш зарур
Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси томонидан халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари депутатлари учун “Маҳаллий бюджетнинг даромадлар базасини кенгайтириш, яширин иқтисодиётни қисқартириш ва захираларни аниқлашда маҳаллий кенгашлар доимий комиссияларининг иштироки” мавзусидаги ўқув семинари ўтказилди.
Тадбирда мамлакатимизда ҳудудларни молиявий мустақил қилиш, солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш ҳамда маҳаллий кенгашларнинг ижро ҳокимияти устидан депутатлик назоратини кучайтириш борасидаги устувор вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.
Сенаторлар томонидан яширин иқтисодиётни қисқартириш ва солиқ базасини кенгайтириш, ҳудудлардаги ички захираларни юзага чиқариш ҳамда маҳаллий кенгашлар ва доимий комиссиялар масъулиятини ошириш юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Хусусан, ҳудудларда фаолият юритаётган, бироқ расмий рўйхатдан ўтмаган ёки фаолиятини яширин олиб бораётган тадбиркорлик субъектларини легаллаштириш бўйича маҳаллий кенгашлар доимий комиссияларининг роли тушунтирилиб, норасмий бандликни қисқартириш, иш ҳақи фондини “соя”дан чиқариш ва аҳоли ўртасида молиявий саводхонликни ошириш орқали солиқ тушумларини кўпайтириш механизмлари кўриб чиқилди.
Ҳудудлар кесимида фойдаланилмаётган ер майдонлари, бўш турган бино ва иншоотларни тўлиқ хатловдан ўтказиш ҳамда уларни иқтисодий айланмага киритиш орқали маҳаллий бюджетга қўшимча даромад манбаларини жалб этишда мавжуд табиий ва иқтисодий ресурслардан самарали фойдаланиш йўллари таҳлил қилинди.

Семинар давомида ҳудудлардаги доимий комиссиялар ҳар чоракда маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ижросини қатъий назоратга олиши зарурлиги таъкидланиб, бу борада солиқ органлари ва молия бўлимлари билан яқин ҳамкорлик ўрнатиб, прогноз кўрсаткичларининг бажарилишини биргаликда таҳлил қилиш амалиёти кенгайтирилиши қайд этилди.
Сенаторлар ўз ҳудудларида депутатлар дуч келаётган муаммолар, жумладан, маҳаллий даромад манбаларини шакллантиришдаги бюрократик тўсиқлар ва ўз ечимини кутаётган масалаларнинг ҳуқуқий ва амалий ечимларини кўрсатиб ўтди.
Н.Абдураимова,
ЎзА