“Сеҳрли чапақай” ёш томошабинларга ҳавола қилинди
Наманган шаҳридаги “Баркамол авлод” спорт мажмуасида янги миллий кино маҳсулоти – “Сеҳрли чапақай” бадиий фильмининг премьера намойиши бўлиб ўтди.
Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасининг жаҳон чемпионатлари тарихидаги илк дебютига ҳамоҳанг ўтказилган тақдимотда Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Отабек Бозоров юртимизда ёш авлод камолоти, жисмоний тарбия ва спорт ҳамда миллий кинематография соҳасига қаратилаётган эътибор ўз самарасини бераётганлигини таъкидлади.



Бинобарин, бу борадаги маънавий-маърифий йўналишдаги фильмлар эртамиз эгаларини хайрли мақсадлар сари илҳомлантиришда алоҳида аҳамиятга эга. Кино ижодкорлари фильмни суратга олиш жараёнлари, унинг асосий ғояси ва томошабинга етказилмоқчи бўлган муҳим ҳаётий сабоқлар хусусида фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Ўзбекистон Маданият вазирлиги ҳузуридаги Кинематография агентлиги, “Your Films Entertainment”, “UFA”, Республика Маънавият ва маърифат маркази, “Контент маркази” ҳамкорлигида ишлаб чиқарилган ушбу картина спорт, матонат, ҳалоллик ва инсоний қадриятларни тарғиб этувчи муҳим маънавий-маърифий лойиҳа сифатида кенг жамоатчилик эътиборига тақдим этилди.

Фильм воқеалари Қашқадарё вилоятида кечиб, унда инсоннинг улкан орзу-мақсадлари сари интилиши, ҳаётнинг турли синовлари ва ғалабага меҳнат, интилиш, қаноат ва ҳалоллик орқали эришиш мумкинлиги бадиий ифода қилинган.

Бош ролларни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Тоҳир Саидов, Мурод Насимов, Шаҳло Темирова, Сирожиддин Сатторов, Ардашер Абдулҳай ўғли тўлақонли ижро этган.

Премьера якунида, ижодкорлар имзолари туширилган коптокларни болажонларга совға қилди. Фильм ёзги таътил кунларини мароқли ўтказаётган ўқувчи-талабалар, кино шинавандалар томонидан катта қизиқиш ва ёрқин таассуротлар билан қарши олинди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА