Scopus кўрсаткичлари: Ўзбекистон олийгоҳларининг илмий салоҳияти қандай баҳоланди?
Олий таълим муассасасининг нуфузи фақат таълим сифати ёки битирувчилар сони билан эмас, балки унинг илм-фан ривожига қўшаётган ҳиссаси, халқаро миқёсда эътироф этилган тадқиқотлари ва илмий натижаларининг таъсири билан ҳам белгиланади.
Бугунги кунда халқаро илмий базаларда чоп этилаётган мақолалар ва уларга билдирилаётган иқтибослар университетларнинг илмий салоҳиятини баҳолашда муҳим мезонлардан бирига айланган.
Миллий рейтинг доирасида 2025 йилда Scopus халқаро илмий маълумотлар базаси асосида Ўзбекистон олий таълим муассасаларининг илмий нашрлар фаоллиги ва халқаро иқтибос таъсири таҳлил қилинди. Унда олийгоҳларнинг натижалари нафақат нашрлар сони, балки илмий ишларнинг сифати ва халқаро илмий ҳамжамиятдаги таъсири нуқтаи назаридан ҳам баҳоланди.

Таълим сифатини таъминлаш агентлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, таҳлил натижалари олий таълим муассасаларининг тоифалари кесимида илмий нашрлар фаоллиги бир-биридан фарқ қилишини кўрсатди. Жумладан, ҳар 100 нафар профессор-ўқитувчига тўғри келадиган илмий нашрлар сони TOP–1000 талигига кирган университетларда 71,4 тани ташкил этди. Ижтимоий-гуманитар йўналишдаги олийгоҳларда бу кўрсаткич 37,5 та, амалий олий таълим муассасаларида 33,2 та, тиббиёт олийгоҳларида 20,5 тага тенг бўлди. Ижод ва спорт йўналишидаги олий таълим муассасаларида эса ҳар 100 нафар профессор-ўқитувчи ҳисобига 1,3 та илмий нашр тўғри келди.
Ушбу рақамлар олий таълим муассасаларида илмий фаоллик даражасини қиёсий баҳолаш имконини беради. Айниқса, TOP–1000 га кирган университетлардаги кўрсаткичнинг юқорилиги уларнинг халқаро илмий майдондаги фаолиятини таҳлил қилишда эътиборга молик натижа ҳисобланади. Шу билан бирга, илмий салоҳиятни фақат мақолалар сони билан ўлчаб бўлмайди. Тадқиқотларнинг долзарблиги, илмий янгилиги, сифати ва уларнинг халқаро миқёсдаги таъсири ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Миллий рейтинг доирасида ҳар бир олий таълим ташкилотининг натижалари тегишли кўрсаткичлар асосида умумлаштирилиб, балларда ифодаланди. Тайёрланган инфографикаларда олийгоҳларнинг ўз тоифаси бўйича эгаллаган ўрни ва тўплаган баллари акс эттирилди. Бундай ёндашув олий таълим муассасаларининг натижаларини ўзаро таққослаш, илмий фаолиятдаги ютуқларни аниқлаш ва ривожлантириш зарур бўлган йўналишларни белгилашга хизмат қилади. Халқаро илмий базаларда индексланадиган нашрлар сонини кўпайтириш, тадқиқотлар сифатини ошириш ва уларнинг халқаро илмий ҳамжамиятдаги таъсирини кучайтириш олий таълим тизими олдида турган муҳим вазифалардан биридир.

Шу маънода, Scopus маълумотлари асосида ўтказилган таҳлил олийгоҳларнинг илмий фаолиятини баҳолаш билан бирга, мамлакатда илм-фанни ривожлантириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва университетларнинг глобал илмий майдондаги рақобатбардошлигини ошириш учун ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА