Сайёр қабуллар
Олий суд раисининг биринчи ўринбосари Алишер Усмонов бошчилигида Бухоро вилоятида суд масалаларига бағишланган сайёр қабуллар ўтказилди. Бухоро шаҳри ва Ғиждувон туманида ташкил этилган мазкур қабулларда жами 191 нафар фуқаро иштирок этди.
Мурожаатлар таҳлили шуни кўрсатдики, уларнинг 123 таси жиноят, 47 таси фуқаролик, 7 таси иқтисодий ва 14 таси маъмурий судловга оид масалаларни ташкил этди. Қабул жараёнида 104 нафар фуқаро оғзаки мурожаат билан чиқиш қилган бўлса, 87 та ёзма ариза қабул қилинди.


Келиб тушган мурожаатларнинг 101 тасига ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, 3 та мурожаат жойида қаноатлантирилди, қолган 87 та ариза ва шикоятлар эса белгиланган тартибда қонуний кўриб чиқиш учун қабул қилинди.
Сайёр қабул давомида айрим мурожаатлар ўзининг ижобий ечимини топди. Жумладан, фуқаро Тоҳир Истамов муддатидан олдин жазодан озод қилиш масаласида ёрдам сўраб мурожаат қилди. Унинг мурожаати кўриб чиқилиб, жазо енгилроғига алмаштирилди. Бу қарордан мамнун бўлган фуқаро давлат раҳбарига ўз миннатдорчилигини билдирди.


Шунингдек, фуқаро Давлат Сойибов ҳам тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ муаммолари юзасидан мурожаат қилиб, унинг қонуний манфаатлари ҳимоя қилинганини ва адолатли қарор қабул қилинганини алоҳида таъкидлади.
Умуман олганда, бундай сайёр қабуллар аҳолининг суд-ҳуқуқ тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, муаммоларни жойида ҳал этиш ва адолатни таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири