Сайёр қабуллар аҳоли муаммоларига ечим бўлмоқда
Сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, мурожаатлар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш ва очиқликни таъминлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, жойларда ташкил этилаётган сайёр қабуллар ушбу ислоҳотларнинг амалий натижаси сифатида аҳолининг кундалик муаммоларига тезкор ечим топишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Хусусан, газ таъминоти соҳасида ҳам хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, истеъмолчилар мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқиш ва тизимда шаффофликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада ҳудудларда ташкил этилаётган сайёр қабуллар самарали механизм сифатида намоён бўлмоқда.

Жумладан, “Конимехтумангаз” газ таъминоти бўлими томонидан Тўққизтепа маҳалласида ўтказилган сайёр қабул ҳам аҳоли учун яна бир қулай имконият яратди. Унда бўлим бошлиғи Шерзод Пармонов иштирок этиб, тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, рақамлаштириш жараёнлари ҳақида батафсил маълумот берди.
Бугунги кунда туманда 5 976 нафар суюлтирилган газ истеъмолчиси мавжуд бўлиб, уларнинг 1 277 нафари Тўққизтепа маҳалласида истиқомат қилади.

Сайёр қабул давомида маҳалла аҳолиси томонидан маиший газ баллонларини етказиб бериш билан боғлиқ муаммолар, техник носозликлар ва бошқа масалалар юзасидан мурожаатлар билдирилди. Айрим мурожаатлар шу жойнинг ўзидаёқ ижобий ҳал этилди.
– Маиший газ баллонидан фойдаланиш жараёнида унда техник носозлик борлигини пайқаб қолдим, – дейди Нуркул Абдиситова. – Сайёр қабулда бу мурожаатим зудлик билан кўриб чиқилиб, баллон янгисига алмаштириб берилди. Газ таъминоти ходимларига раҳмат.

Умуман олганда, сайёр қабуллар орқали аҳоли мурожаатларини жойида ўрганиш, муаммоларни ортиқча оворагарчиликсиз ҳал этиш ҳамда давлат хизматларини фуқароларга яқинлаштириш ислоҳотларнинг энг муҳим йўналишларидан бирига айланмоқда. Бу аҳоли фаровонлигини ошириш, уларнинг давлат идораларига бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
А. Бўриев, ЎзА мухбири