Саховат ва меҳр-оқибат айёми
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 22 майдаги “Муборак Қурбон ҳайити муносабати билан аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва меҳр-саховат тадбирларини самарали ташкил этиш тўғрисида”ги қарорида Қурбон ҳайити муносабати билан мамлакатимизда аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, байрамни муносиб нишонлаш, тартибли ва юқори даражада, халқимизнинг миллий ва диний қадриятларига мос равишда ўтишини таъминлаш учун тегишли тадбирларни амалга ошириш юзасидан вазифалар белгиланган.
Мазкур қарор ижросини таъминлаш, қолаверса, Қурбон ҳайити байрамини юқори савияда ўтказиш учун Андижон вилоятида ҳам зарур ишлар амалга оширилмоқда.

Қарорда белгиланганидек, ҳар бир туман, шаҳарда бемор болаларда жарроҳлик амалиётларини бепул ўтказиш, беморларни даволаш ҳамда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга моддий ёрдам ажратиш бўйича зарур ишлар олиб борилмоқда.
Биламизки, ҳайит байрами муносабати билан халқимизнинг хайру саховат, меҳр-оқибатга йўғрилган ишлари кўлами янада ортади. Айни кунларда вилоятнинг ҳар бир маҳалласида меҳр-оқибат, саховат ишлари олиб борилмоқда, имконияти чекланган, якка ёлғиз яшовчиларга хайру саховатлар кўрсатилмоқда.

Масалан, байрами муносабати билан биргина Олтинкўл туманида “Вақф” фонди томонидан 760 нафар давлат таъминотидаги, 153 нафар ёлғиз яшовчи кексалар ва ногиронлиги бўлган фуқароларга озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди. Бу каби саховат ишлари вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида олиб борилмоқда.
Айниқса, вилоятдаги аксарият қабристонларда ўтказилган тозалаш ва ободонлаштириш ишларида ёшу кекса ҳамжиҳат бўлиб иштирок этди.
– Нафақат кўча ва гузарларимиз, балки ҳудудимиздаги “Қўчқорлик ота” қабристонини тозалаш, ободонлаштириш ишларида барча фаол қатнашди, – дейди Андижон шаҳридаги “Тўққизариқ” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Хотамжон Аҳмедов. – Аждодларимиз мангу қўним топган, тириклар учун ибрат маскани бўлган қабристонларни ободонлаштириш энг хайрли ва савобли ишлардан бири, қолаверса, ҳар бир кишининг инсонийлик бурчидир.

Вилоятдаги ҳайит намозлари ўқиладиган масжидларда байрамга пухта ҳозирлик кўрилди. Муборак байрам кунида халқимиз, фуқароларимиз қалбига байрам шукуҳини сингдириш, мамлакатимизда юртдошларимизнинг ибодат қилишлари, зиммаларидаги диний амалларни адо этишлари учун яратиб берилаётган имкониятларни тушунтириш мақсадида диний идоралар, маҳалла фуқаролар йиғинлари, Маънавият-тарғибот маркази, ички ишлар бўлимлари, умуман, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамкорлигида маҳаллаларда, масжидларда кенг кўламли тарғибот ишлари олиб борилди.

Эртага Қурбон ҳайити намози вилоятдаги 179 та жоме масжиди ҳамда “Сайид Муҳйиддин маҳдум” ўрта махсус ислом билим юртида ўқилди. Масжидларда намозхонлар учун зарур барча шарт-шароит ва қулайликлар яратилди. Бундан ташқари, аҳолига байрамона ва кўтаринки кайфият улашиш мақсадида масжидларга киши руҳиятини кўтарувчи шиорлар ўрнатилди.
Бир сўз билан айтганда, вилоятда байрамни юқори кўтаринкилик билан ўтказиш, масжидларда Қурбон ҳайити намозини эмин-эркин ўқиш учун зарур ишлар амалга оширилди. Бу ишлар юртдошларимиз қалбига байрамона шукуҳ улашмоқда, кайфиятларини янада кўтармоқда.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (фото),
ЎзА мухбирлари.