Саводхонлик маркази зарур: имло — миллат юзи
Маънавиятнинг муҳим мезони — саводхонлик. Унинг икки қаноти бор: оғзаки ва ёзма нутқни тўла эгаллаш. Ўз фикрини мустақил ва эмин-эркин ифодалай олмаслик, қўпол айтганда, фожиадир. Бу эса тилшуносликнинг орфографик ва орфоэпик хусусиятларини билиш ва уларга амал қилишни тақозо этади.
Очиғини айтиш керак, саводхонлик даражамиз кирилл алифбосида ҳам унчалик юқори бўлмаган. Бу иллат лотин ёзувига асосланган алифбода такрорланмаслиги учун қайғуришимиз лозим.
Лотин ёзувига ўтиш: қонун ва амалиёт
Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, қабул қилинган илк ҳужжатлардан бири айнан давлатнинг расмий ёзуви ҳақида бўлди. Бу — Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 2 сентябрдаги «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги 931-XII-сонли Қонуни эди. Унда айтилишича, Қонун Конституцияга ва ўзбек ёзувининг лотин алифбосига ўтилган 1929–1940 йиллардаги ижобий тажрибасига асосланади, кенг жамоатчилик истак-хоҳишларини инобатга олади ҳамда республиканинг ҳар тарафлама камол топиши ва жаҳон коммуникация тизимига киришини жадаллаштирувчи қулай шароит яратишга хизмат қилади.
Шундан кейин барча жойларда ўқув курслари ташкил этилиб, янги алифбо бўйича саводхонликни оширишга жадал киришилди. Ҳокимиятлар тизимида ҳам бунга алоҳида эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ эди. Ташкилот, идора, муассаса, янги очилаётган корхона, фирма ва масъулияти чекланган жамиятлар номларини лотин ёзувида бехато ёзиб бериш ҳам шу ҳаракатнинг намунаси бўлди.
Кези келганда эътироф этиш керак: пойтахт туманлари орасида энг биринчи бўлиб Мирзо Улуғбек туманида саводхонлик масаласи тизимли йўлга қўйилган. Бинонинг биринчи қаватидаги 6-хонада фаолият юритган саводхонлик марказида муҳр ва тамға тайёрлашга туман Ички ишлар бўлимидан рухсат олишдан олдин имловий тасдиқ берилар эди. Корхона ва муассасалар пештоғига ёзиладиган битиклардан тортиб муҳр ва тамғаларгача имловий жиҳатдан тўғри ёзиб бериш вазифаси жамоатчилик асосида камина зиммасига юкланганди. Бу хизматнинг ташкилотчиси ва ташаббускори ўша пайтдаги туман ҳокими, ҳозирги Президентимиз Шавкат Мирзиёев бўлганлар. Улар саводхонлик маънавият ва маърифатнинг энг муҳим бўғини эканини чуқур англаган эдилар.
Ўшанда марказ фаолиятидан руҳланиб, лотин ва араб алифбосига асосланган ёзувимизни ўргатишга қаратилган «Сирли сандиқ саводхонлик саройи» номли интеллектуал телекўрсатувни ташкил этдик ва уни бир неча йил мобайнида томошабинлар ҳукмига ҳавола этганимиз ҳамон ёдимда.
Саводхонлик — халқ маърифатининг кўзгуси
Дарҳақиқат, саводхонлик халқ маънавияти ва маърифатининг кўзгусидир. Усиз инсон маърифат моҳиятини ҳам, тафаккур оламини ҳам англаши мушкул. Шу боис унга эътибор қаратиш бир қанча муаммоларнинг ечимига йўл очади.
Давлатимиз раҳбарининг китобхонликни кенг оммавий даъват этгани ва бу борада иккита қарор қабул қилгани ҳам миллатнинг қалб-у қиёфасига, халқнинг маънавий дунёсига, саводхонлик даражасига дахлдор ўзак масалалар эканини чуқур ҳис этишидир. Президентимизнинг «Китоб ўқимаган одамнинг ҳам, миллатнинг ҳам келажаги бўлмайди» деган сўзлари барчамизга қаратилган маърифий хитоб бўлиб янгради. Чунки китоб мутолааси сўз бойлигини оширади, нутқни ўстиради, тафаккурни ривожлантиради ва имловий саводхонликка хизмат қилади.
Бугунги манзара: пештоқдан ижтимоий тармоққача
Афсуски, кўча-кўйдаги ёзувларда, шиорларда, идоралар пештоқларидаги битикларда нуқсонлар учраётганига кўз юмиб бўлмайди. Айниқса, ижтимоий тармоқларда ёшларнинг ёзишмалари, алифбода мавжуд бўлмаган алламбало белгилардан фойдаланишлари бизни тобора саводсизлик қаърига тортмоқда, бу эса салбий одатга айланиб қолиши ҳеч гап эмас. Камчиликлар борлигини билиб туриб, масалага панжа орасидан қарасак, миллат маънавияти ва маърифатига ҳам эътиборсизлик қилган бўламиз.
Халқаро тажриба нимани кўрсатади?
Ривожланган давлатларнинг аксариятида саводхонлик марказлари бор. Россия, Буюк Британия ва АҚШда аҳоли саводхонлигини оширишга ихтисослашган ташкилотлар доимий фаолият юритади. Бу ҳақда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асрорларини ўқитиш ва малакасини ошириш маркази томонидан, филология фанлари номзоди, доцент Иномжон Азимов масъул муҳаррирлигида чоп этилган «Ўзбек адабий тили иш дафтари» ўқув қўлланмасида ҳам маълумот келтирилган. Бундай марказлар турли ёш, соҳа ва касбий йўналишларда иш олиб боради.
Буюк Британия — «National Literacy Trust» (Миллий саводхонлик фонди). Фонд аҳолининг иқтисодий жиҳатдан ночор қатламига саводхонликни оширишда амалий кўмак беради, ўрта мактаблар билан ҳамкорлик қилади, таҳлил ва дастурлари билан ўртоқлашади, илмий тадқиқотлар олиб боради; сиёсатчилар ва ота-оналар учун саводхонлик муҳимлигини муттасил тарғиб қилади. «Ҳаёт учун зарур сўзлар» («Words for Life») веб-сайтида турли ёшларда ўзлаштирилиши лозим бўлган сўзлар мавзулар бўйича бирлаштирилган ва ота-оналарга машғулотлар тавсия этилади. Фонд ўқитувчилар учун ҳам курслар таклиф қилади: «Questioning the News: Critical literacy in English» (Янгиликларни танқид қилиш: инглиз тилида танқидий саводхонлик), «Improving Writing in Key Stage 2» (Таянч таълимда ёзма нутқ малакасини ривожлантириш), «Teaching Reading in Key Stage 2» (Таянч таълимда мутолаага ўргатиш), «Words for Work» (Иш учун зарур сўзлар). Курсларда ўқиб ва эшитиб тушуниш ҳамда фикрни ёзма ва оғзаки ифодалашга урғу берилиши эътиборга лойиқ.
АҚШ — «Key to Literacy» (Саводхонлик калити). Ташкилот касбий ривожланишга йўналтирилган, тушуниш, луғат бойлиги, саводли ёзиш ва саводли гапириш бўйича алоҳида курс ва тренинглар таклиф этади; сайтида дарслар, дастурлар ва илмий тадқиқот намуналарини эълон қилиб боради. Курслар қаторида «Тушуниш», «Луғат бойлиги», «Ёзиш орқали мазмунни англаш» ва ёзишга оид қўшимча мавзулар бор.
Россия — «Центр грамотности» (Саводхонлик маркази). Унинг асосий мақсади саводхонлик бўйича масофавий таълимни йўлга қўйиш, «онлайн тренажёр» яратиш, шунингдек, рус тилини оммалаштирувчи ва русийзабон аҳолининг ёзма нутқи сифатини оширувчи ижтимоий ва интернет лойиҳаларини ишлаб чиқишдир (қўлланма, 8-бет). Марказ тўртта курс таклиф этади:
1. Бошланғич «Хатосиз ёзиш курси»: имло ва пунктуация асослари, «Кундалик ёзишмалар» даражаси.
2. Чуқурлаштирилган «Хатосиз ёзиш курси»: чуқурлаштирилган имло ва пунктуация қоидалари, «Матн таҳрири» даражаси.
3. Юқори даражадаги «Хатосиз ёзиш курси»: имло ва пунктуациянинг нозик жиҳатлари, «Матн таҳрири» даражаси.
4. «Ёзма нутқ услубияти» курси: матннинг тушунарлилиги, боғлиқлиги ва ишонарлилиги, «Матн ёзиш ва таҳрир қилиш» даражаси.
Барча курсларда мақсад бир: тилни амалий қўллаш малакасини, фикр ва маълумотни тўғри тушуниш ҳамда етказиш кўникмасини шакллантириш.
Тил — умумий, нутқ — индивидуал
Тил — умумий, нутқ эса индивидуал ҳодиса. Демак, тил элементларидан фойдалана олиш нутқ эгасининг билим савияси, сўз бойлиги, танлаш ва қўллай олиш даражасига боғлиқ.
Афсуски, тил таълимида ўқувчига қоидаларни ёд олдириш, грамматикани чуқурлаштириш тенденцияси авж олган. Ваҳоланки, тил имконияти ва нутқ воситаларидан фойдаланиш асносида мулоқот этикети ва муомала маданиятига эга бўлиш муҳим. Ўринсиз чуқурлаштирилган назарий қоидалар, грамматик талаблар ва мулоқот учун зарур бўлмаган оборотли жумлалар ўрнига фикрни содда ва равон ифодалаш малакасини шакллантириш керак. Профессорлар Қозоқбой Йўлдошев ва Бахтиёр Менглиевнинг мулоҳазалари бежиз эмас. Б. Менглиевнинг «она тили таълимини тилшунослик исканжасидан қутқарайлик» деган даъватида ҳам ҳақиқат бор. Тил ва нутқдан мақсад — мулоқот мезонлари: тинглаш, сўзлаш ва мурожаат орқали фикр алмашишни тўғри йўлга қўйиш.
Давлат тилининг тўла амалда бўлиши ҳам шу жараёнга бевосита дахлдор. Оғзаки ва ёзма нутқ маданияти бўйича саводхонликка эришиш, аввало, давлат тилига эътибор, Президент иборасини қўллаганда, «миллатга, мустақиллигимизга, она Ватанга бўлган эҳтиром ва садоқат»дир.
Нега айнан Саводхонлик маркази?
Саводхонлик — инсоннинг кўрган, билган, ўқиган, эшитган ва гувоҳ бўлган нарса-ҳодиса ҳақидаги маълумотни мустақил равишда оғзаки ва ёзма етказа олиш уқувидир. Буни тўла шакллантириш таълим тизимининг муҳим босқичидир, шунинг учун Саводхонлик марказини ташкил этиш зарур. У қуйидаги муаммоларнинг ечимига имкон беради:
1. Биринчидан, лотин ёзувига асосланган алифбода аҳолининг турли қатламларида саводхонлик даражасини ошириш, диктант, баён, иншо ва эссе ёзиш малакасини шакллантириш;
2. Иккинчидан, кўча-кўйдаги, идора ва муассасалар пештоғидаги битиклар, шиорлар ва рекламаларнинг имловий жиҳатдан тўғри ёзилишига эришиш;
3. Учинчидан, ўзбек адабий тили меъёрларига амал қилиш, турли лаҳжа, шева ва диалектлардан холи, тилнинг софлиги учун курашиш;
4. Тўртинчидан, оғзаки ва ёзма нутқ маданиятининг амалда қўлланилишини, тилнинг орфоэпик ва орфографик қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш;
5. Бешинчидан, таълим тизимида сифат, самара ва натижадорликка йўл очиш, нутқ ва тил тактикаси тараққиёт стратегиясининг таъсирчан ва инновацион механизми эканини унутмаслик;
6. Олтинчидан, она тили таълимида тилдан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантириш: оғзаки ва ёзма нутқни тушуниш ҳамда фикрни оғзаки ва ёзма ифодалаш малакасига эришиш;
7. Еттинчидан, дўстона мулоқот ва самимий муомала этикетини шакллантириш, нутқни тушуниш ва фикрни аниқ ифодалашга ўргатиш орқали коммуникатив ёндашувни, яъни тилнинг мулоқот воситаси сифатидаги вазифасини тўла йўлга қўйиш;
8. Саккизинчидан, оғзаки нутқнинг турли кўринишларида — монолог, диалог, суҳбат, интервью, баҳс-мунозарада — сўзловчининг фикрини чигаллаштирмай, очиқ ва равон баён этиш компетентлигига қаратилган риторик маҳорат ва нотиқлик санъатини такомиллаштириш.
Хулоса ўрнида, саводхонлик — китобдан бошланади, мактабда шаклланади, жамиятда мустаҳкамланади. Уни тасодифга ёки айрим ташаббусларга ташлаб қўйиш мумкин эмас: унинг учун тизим, марказ ва масъулият керак. Бугун ёзувимизга бефарқ бўлсак, эртага ўзлигимизга бефарқ бўлиб қоламиз.
Раҳимбой Жуманиёзов,
педагогика фанлари доктори, профессор,
Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмалари аъзоси