Савдо, инвестиция ва божхона: Ўзбекистон – Хитой ҳамкорлигининг янги қиёфаси
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги муносабатлар савдо-иқтисодий, транспорт-логистика, инвестиция, таълим ва кадрлар тайёрлаш йўналишларида изчил ривожланиб бормоқда. Икки мамлакат ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг кенгайиши ташқи савдо кўрсаткичларида, божхона органлари ўртасидаги амалий алоқаларда ҳамда инвесторларни қўллаб-қувватлашга қаратилган янги механизмларда яққол намоён бўлмоқда.
Ташқи савдода барқарор ўсиш
Мамлакатимиз Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилда Ўзбекистон ва ХХР ўртасидаги ташқи савдо айланмаси 16,1 млрд АҚШ долларини ташкил этган. Жумладан, Хитойдан импорт ҳажми 14,4 млрд доллар, Ўзбекистондан Хитойга экспорт ҳажми эса 1,7 млрд долларга етган.
2026 йилнинг биринчи ярмида икки мамлакат ўртасидаги ташқи савдо айланмаси қарийб 8,9 млрд долларни ташкил этиб, шундан 8 млрд доллари импорт, 885,8 млн доллари экспорт ҳиссасига тўғри келган.
Таққослаш учун, 2025 йилнинг шу даврида ташқи савдо айланмаси 6,4 млрд доллар бўлган. Демак, жорий йилнинг биринчи ярмида ўзаро ташқи савдо ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 39,3 фоизга ўсди.
Хитойдан ўлкамизга асосан электротехника маҳсулотлари, саноат ускуналари, транспорт воситалари ва эҳтиёт қисмлари, турли истеъмол товарлари импорт қилинмоқда. Ўзбекистон эса Хитой бозорига металл ва металл маҳсулотлари, тўқимачилик товарлари, ёқилғи-энергетика маҳсулотлари ҳамда бошқа экспортбоп маҳсулотларни етказиб бермоқда.
Ташқи савдо ҳажмининг ўсиши божхона расмийлаштирувини янада тезкор ташкил этиш, рақамли технологияларни кенг жорий қилиш ва хавфларни самарали бошқариш механизмларини такомиллаштиришни талаб этмоқда.
Чегара инфратузилмасида туристлар оқимининг кенгайишига қаратилган янги ёндашув
Ўзбекистон ва Хитой ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик билан бир қаторда туризм алоқалари ҳам жадал ривожланмоқда. Хусусан, икки давлат ўртасида 2024 йил 1 декабрда Ченду шаҳрида визаларни ўзаро бекор қилиш тўғрисидаги битим имзоланди.
Унга мувофиқ, икки мамлакат фуқаролари бир сафар давомида 30 кунгача, 180 кун мобайнида эса жами 90 кундан ошмаган муддатда визасиз саёҳат қилиш ҳуқуқига эга бўлди. Натижада, 2025 йилда Ўзбекистонга 278,9 минг хитойлик сайёҳ ташриф буюриб, аввалги йилга нисбатан 5 баробарга ошди.
Хитойдан келаётган сайёҳлар, тадбиркорлар, инвесторлар ва халқаро ташувлар сонининг ортиши божхона чегараси инфратузилмасини ҳам замонавий талабларга мувофиқлаштиришни тақозо этди.
Шу муносабат билан, йўловчилар ҳаракатланадиган халқаро божхона постларига хитой тилида суҳбатлаша оладиган ходимлар ишга қабул қилинди, постлар ушбу тилда деворий ахборот лавҳалари, йўналтирувчи белгилар ва божхона тартиб-таомилларига оид тушунтиришлар билан жиҳозланди.
Мазкур ёндашув халқаро стандартларга мослаштириш ва икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Инвесторларни қўллаб-қувватлашнинг янги механизми
2025 йил 12 декабрда Божхона қўмитасида республикада фаолият юритаётган хитойлик инвесторлар ва тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ташкил этилди. Унда Хитойнинг Ўзбекистондаги элчиси, тегишли вазирлик ва идоралар ходимлари, шунингдек, йирик компаниялар вакилларидан иборат 473 нафар хитойлик инвестор ва тадбиркор иштирок этди.
Учрашувда экспорт-импорт жараёнлари, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, технологик ускуналар ва материалларни олиб кириш, божхона расмийлаштирувини тезлаштириш ҳамда тадбиркорлик фаолиятида юзага келаётган масалалар муҳокама қилинди. Мулоқот давомида бундай учрашувларни мунтазам ўтказиш, инвесторларнинг муаммо ва таклифларини тизимли ўрганиш ҳамда уларга амалий кўмак кўрсатувчи масъул тузилмани белгилаш таклиф этилди.
Мазкур таклифлар асосида Божхона қўмитасининг Тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш бошқармаси таркибида “Тадбиркорлар фаолияти, инвестициялар ва Хитой лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш бўлими” ташкил этилди.
Янги тузилманинг асосий вазифалари ХХР иштирокидаги инвестиция лойиҳаларини божхона жараёнларида қўллаб-қувватлаш, олиб кирилаётган технологик ускуналар ва материалларни тезкор расмийлаштиришга кўмаклашиш, инвесторларнинг мурожаатларини тизимли ўрганиш ҳамда уларни тегишли идоралар билан ҳамкорликда ҳал этишдан иборат.
Ҳозирги кунда мазкур бўлим томонидан умумий қиймати қарийб 2 млрд АҚШ долларига тенг бўлган 13 та йирик инвестиция лойиҳаси бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Лойиҳалар электр энергияси ишлаб чиқариш, қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш, замонавий турар жой ва савдо-кўнгилочар мажмуаларини барпо этиш каби йўналишларни қамраб олган.
Бўлим томонидан лойиҳалар доирасида олиб кирилаётган технологик ускуна ва материалларни божхона расмийлаштирувидан тезкор ўтказиш, юзага келаётган масалаларни мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳал этиш ва инвесторларга амалий кўмак кўрсатиш чоралари кўрилмоқда.
Кадрлар тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорлик
Ўзбекистон ва Хитой божхона органлари ўртасидаги ҳамкорликда кадрлар салоҳиятини ошириш муҳим ўрин тутади.
Хусусан, 2024-2026 йилларда Хитойнинг Шанхай, Урумчи, Гуанчжоу, Шенчжен, Пекин ва Хайнан ҳудудларида ташкил этилган 11 та халқаро семинар ва ўқув курсларида Ўзбекистон божхона органларининг 104 нафар ходими иштирок этган.
Улар хизмат сафарлари давомида Хитойнинг божхона назорати, ташқи савдони тартибга солиш, контрабандага қарши курашиш, хавфларни бошқариш, ахборот технологияларидан фойдаланиш ва логистика жараёнларини ташкил этиш бўйича тажрибасини ўрганди. Бундай ўқув дастурлари божхона ходимларининг касбий малакасини ошириш, илғор хорижий амалиётни миллий божхона тизимига татбиқ этиш ва расмийлаштирув жараёнларини янада такомиллаштиришга хизмат қилмоқда.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси Божхона институти ҳамда Хитой Халқ Республикаси Божхона маъмурияти ҳузуридаги Шанхай Божхона университети ўртасидаги ҳамкорлик доирасида Божхона институти курсантларини ҳар йили Хитойга ўқиш ва стажировка дастурларига юбориш амалиёти йўлга қўйилган.
Хусусан, 2023–2025 йиллар давомида Божхона институтининг 25 нафар курсанти ва 4 нафар ходими Шанхай Божхона университетида стажировка дастурини ўтаган. Дастур иштирокчилари Хитой божхона тизимида қўлланилаётган илғор тажриба, замонавий ахборот технологиялари, халқаро савдо тартиботлари ва божхона назорати билан яқиндан танишган.
Институт курсантлари ва ходимлари Лин-ган махсус ҳудудида ўтказилган “Юк ташиш инновациялари халқаро конференцияси”да ҳам иштирок этиб, транспорт жараёнларини рақамлаштириш, “яшил” технологияларни жорий этиш, карбон чиқиндиларини қисқартириш ва барқарор логистика тизимини ривожлантиришга оид замонавий ёндашувларни ўрганган.
Шунингдек, Шанхай Божхона университетининг инфратузилмаси, божхона жараёнларида сунъий интеллект, автоматлаштирилган ахборот тизимлари, хавфсизлик ва мониторинг технологияларини қўллаш амалиёти билан танишилган.
Курсантларнинг ҳар йили Хитойда таҳсил олиши ва тажриба орттириши келажак божхона кадрларининг халқаро талабларга мос билим ва кўникмаларини шакллантириш, хорижий тажрибани миллий амалиётга татбиқ этиш ҳамда икки мамлакатнинг соҳавий таълим муассасалари ўртасидаги узоқ муддатли ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Ғ.Насиров,
Божхона қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари.
ЎзА