Сара уруғ – мўл ҳосил гарови
Президентимиз раҳнамолигида қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасида маҳсулот етиштириш ҳажми ва сифати йилдан-йилга ортмоқда.
Президентимиз раҳнамолигида қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасида маҳсулот етиштириш ҳажми ва сифати йилдан-йилга ортмоқда.Мустақилликнинг дастлабки йилларида мамлакатимизда 1 миллион тонна ғалла етиштирилган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич 8 миллион тоннадан ошди. Ўзбекистон ғалла экспорт қиладиган давлатлар қаторидан жой олди. Бундай муваффақиятга эришишда буғдойнинг маҳаллий иқлим ва тупроқ шароитига мос навларини яратишга қаратилаётган алоҳида эътибор муҳим аҳамият касб этмоқда.
Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти Қорақалпоғистон илмий тажриба станциясида ҳамсерҳосил ва эртапишар буғдой навлари яратилмоқда.
– Илмий ходимларимиз совуққа чидамли, серҳосил навлар яратиш борасида изланиб, уларни 3 хил муддатда экиб тажриба ўтказмоқда, – дейди Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти Қорақалпоғистон илмий тажриба станцияси директори ўринбосари Арслон Пирниёзов. – Янги навларнинг агротехник қоидалари ишлаб чиқилмоқда. Айни пайтда станцияда олтита илмий лойиҳа бўйича изланиш олиб борилаётир. Келгуси йил ҳосили учун буғдойни эрта ҳам, кеч ҳам экиб бўлмайди. Эрта экилса, майса тез ўсиб ҳосил тугунчалари пайдо бўлганда совуқ уриб кетиш эҳтимоли юқори. Кеч экилса, илдизи қувватсиз ва совуққа чидамсиз бўлиб қолади. Шу боис, ғаллакорларга экишни 10 сентябрда бошлаб, 10 октябрда тугаллаш тавсия қилинади.
Яратилаётган янги буғдой навлари Қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш давлат комиссияси томонидан ўрганилмоқда, “Саҳрои”, “Қорақалпоғистон-2”, “Омонгул” навлари синовдан ўтказилаётир. 2011 йилда яратилган ва истиқболли деб топилган “Мустақиллик” навини туманлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти Қорақалпоғистон илмий тажриба станциясининг Нукус туманидаги илмий лабораторияси мутахассислари ҳам турли навларни тажриба-синовдан ўтказмоқда. Бугунги кунда бу ерда хориждан келтирилган 13 хил, маҳаллий 11 хил буғдой нави экологик синовдан ўтказилаётир. Ўтган уч йил мобайнида “Устоз”, “Дурдона”, “Давр”, “Стар”, “Краснодар-Андижон” навлари синовдан ўтказилиб, фермер хўжаликларига экиш учун тавсия қилинди.