Санжар Жалмуродов: Пахтани сотиш эмас, қиймат яратиш муҳим (+Видео)
Пахта даладан териб олинганида ҳали унинг ҳақиқий қиймати тўлиқ намоён бўлмайди. У ипга, матога, кейин эса тайёр кийимга айланган сари қиймати ҳам, ундан олинадиган даромад ҳам ортиб боради.
Бугунги тўқимачилик саноатидаги асосий мақсад ҳам ана шу — ўзимиз етиштирган пахтани чуқур қайта ишлаб, уни жаҳон бозорида талаб юқори бўлган сифатли маҳсулотга айлантириш.
“Saas Teks Invest” МЧЖ директори Санжар Жалмуродовнинг айтишича, бу жараёнда гап фақат экспорт ҳажмини ошириш ҳақида эмас. Муҳими, қандай маҳсулотни ва қайси қийматда экспорт қилаётганимизда.
— Бизда пахта бор, энди унинг имкониятидан тўлиқ фойдаланишимиз керак. Пахта толасидан ип-калава ишлаб чиқарилиб, кейин мато тўқиб, бўялади ва тайёр маҳсулотга айлантирилади. Ҳар бир босқичда маҳсулотга қўшимча қиймат қўшилади. Шунинг учун келажакни хомашё эмас, тайёр ва сифатли маҳсулот экспортида кўрамиз,—дейди Санжар Жалмуродов.
—Айниқса, ташқи бозорда сифат масаласи биринчи ўринда туради. Европа ва Америка бозорларига кириш учун маҳсулот халқаро талабларга жавоб бериши, дизайни, матоси ва ишлаб чиқариш сифати билан рақобатлаша олиши керак. Шу сабабли корхонада нафақат ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, балки янги технологияларни жорий этиш, малакали дизайнер ва технологлар билан ишлашга ҳам эътибор қаратилмоқда.
Корхонамиз трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган. Маҳсулотларимиз ҳозир Европа ва Америка давлатларига экспорт қилинмоқда. Кейинги мақсад — Яқин Шарқ ва Африка бозорларида ҳам ўрнимизни мустаҳкамлаш. Экспорт географиясининг кенгайиши эса ўз-ўзидан маҳсулот сифати ва рақобатбардошлигига қўйиладиган талабни ҳам оширади.
— Бугун биз учун асосий вазифа шунчаки кўпроқ маҳсулот ишлаб чиқариш эмас. Уни сифатли қилиб, харидор талаб қиладиган даражага олиб чиқиш керак. Ўзбекистон пахтасидан тайёрланган маҳсулот хориж бозорида ҳам ўз ўрнига эга бўлиши — биз интилаётган натижа, —дейди С.Жалмуродов.
—Айни пайтда корхонада қарийб 500 нафар инсон меҳнат қилмоқда. Йиллик экспорт ҳажми 4–5 миллион доллар атрофида. Тикув, мато ва ипни қайта ишлаш йўналишларининг йўлга қўйилгани эса пахтанинг бир неча босқичда қайта ишланиб, тайёр маҳсулотга айланишини таъминламоқда.
Ўзбекистон текстиль саноати учун кейинги қадам — оддий маҳсулотлардан юқорироқ қийматга эга, ўз бренди ва дизайнига эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш. Чунки жаҳон бозорида энди фақат «Ўзбекистон пахтаси» эмас, «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган сифатли маҳсулот» деган тушунчани мустаҳкамлаш муҳим.
Н.Раҳмонова,
Н.Абдувоитов (видео),
С.Обиджонов (монтаж),
ЎзА