Санчес Европанинг янги юлдузига айландими?
Испания Бош вазири Педро Санчес мамлакат ичида сиёсий босим ва коррупция можароси билан юзлашаётган бўлса-да, халқаро майдонда тобора таъсирчан сиёсатчига айланмоқда. “Politico” нашри таҳлилига кўра, Эрон урушига қарши қатъий ёндашуви ва Дональд Трамп сиёсатига нисбатан очиқ танқиди унинг Европа миқёсидаги нуфузини сезиларли даражада оширган.
АҚШ ва Исроил февраль ойида бошлаган Эронга қарши ҳарбий амалиётни Санчес очиқчасига қоралаган Европа Иттифоқининг, деярли, ягона давлат етакчиси бўлди. У ҳарбий ҳаракатни “ноқонуний тажовуз” сифатида таърифлади. Кейинчалик Мадрид Америка ҳарбий самолётларига айрим чекловлар жорий этиши Вашингтон билан муносабатни янада таранглаштирди.
Трамп Испанияни “нодўстона давлат” деб атаб, савдо муносабати қайта кўриб чиқилиши билан таҳдид қилди. Ҳатто мамлакатнинг НАТОдаги ўрни юзасидан ҳам кескин баёнот берди. Бинобарин, айнан шундай босим Санчеснинг кўҳна қитъадаги мавқеини мустаҳкамлади. Брюсселдаги аксар етакчилар Испания раҳбарини қўллаб-қувватлаб чиқди ва кейинчалик Эрон бўйича танқидий позиция қабул қилди.
Кузатувчилар фикрича, Испания раҳбари учун ташқи сиёсат ички сиёсий муаммолардан диққатни чалғитиш воситасига ҳам айланмоқда. Ҳукумат парламентда мустаҳкам кўпчиликка эга эмас, бир неча коррупция иши эса ҳокимиятга босимни кучайтирмоқда. Шунга қарамай, халқаро майдондаги фаол қараш унинг шахсий рейтингига ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Санчеснинг сиёсий имижи шаклланишида Босниядаги фаолияти муҳим ўрин тутгани қайд этилмоқда. У ўтган аср 90-йиллари охирида халқаро миссия таркибида Сараевода ишлаган. Ўша давр тажрибаси унда кўп томонлама ҳамкорлик, халқаро ва инсон ҳуқуқига содиқлик тамойилини мустаҳкамлаган.
Таҳлилчилар баҳолашича, Санчес ҳозир Европада либерал ва марказ-сўл сиёсатнинг энг кўзга кўринган намояндаларидан бирига айланган. Унинг Трамп билан очиқча сиёсий қарама-қаршилиги нафақат шахсий обрўси, балки Испаниянинг халқаро нуфузи кўтарилишига ҳам хизмат қилмоқда.
Дарвоқе, сиёсий келажак ҳануз ноаниқ. Ички можаро ва коррупция айблови ҳукумат учун жиддий синов. Шунга қарамасдан, ҳозирча Санчес Европа сиёсатида энг кўп муҳокама қилинаётган раҳбарлардан бири бўлиб турибди.
Мусулмон Зиё, ЎзА