Санъатга бағишланган умр — миллат маънавиятига қўшилган бебаҳо ҳисса
Ҳар бир халқнинг маънавий қиёфаси унинг санъати, маданияти ва шу соҳада фидойилик билан меҳнат қилган ижодкорлари орқали намоён бўлади.
Уларнинг умри давомида яратган асарлари, саҳнада гавдалантирган образлари ва тарбиялаган шогирдлари миллатнинг маданий меросини бойитиб, келажак авлод учун қимматли бойликка айланади. Ана шундай улуғ санъаткорлардан бири — Ўзбекистон халқ артисти Гулчеҳра Жамилова.
Гулчеҳра Жамилованинг 80 йиллик таваллуди муносабати билан унинг миллий театр ва кино санъати ривожига қўшган беқиёс ҳиссаси муносиб эътироф этилди. Бу ўзбек маданияти ва миллий саҳна санъати тараққиётига умрини бағишлаган ижодкорга кўрсатилган юксак эҳтиромнинг ёрқин ифодаси бўлди.
Маданият вазири Озодбек Назарбеков томонидан йўлланган табрикда Гулчеҳра Жамилованинг кўп йиллик сермазмун ижодий фаолияти, у яратган унутилмас саҳна ва экран образлари, миллий маданиятимизни юксалтириш йўлидаги фидокорона меҳнати алоҳида таъкидланди.
Тадбир давомида санъат соҳасидаги кўп йиллик самарали меҳнати, миллий маданиятимиз ривожига қўшган муносиб ҳиссаси ҳамда ёш авлод тарбиясидаги хизматлари учун Гулчеҳра Жамилова “Маданият ва санъат фидокори” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Маросимда иштирок этган санъат аҳли, ҳамкасблар ва шогирдлар устоз санъаткорнинг миллий театр ва кино санъати тараққиётидаги беқиёс ўрнини, бой ижодий мероси ва кўплаб ёш ижодкорлар учун ҳақиқий маҳорат мактаби эканини алоҳида таъкидлади.
Гулчеҳра Жамилованинг ҳаёт ва ижод йўли санъатга садоқат, меҳнатсеварлик ва миллий қадриятларга ҳурматнинг ёрқин намунасидир. Бундай ижодкорларнинг меҳнатини муносиб қадрлаш нафақат уларга эҳтиром, балки миллий маданиятимиз равнақига хизмат қилган инсонларга берилган юксак баҳодир. Бу эътироф эса ёш авлодни санъатга меҳр, касбга садоқат ва миллий меросга эҳтиром руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА