Самарқандда Туркия Республикаси куни нишонланди
29 октябрь – Туркия Республикаси ташкил топган кун. 1923 йил ушбу санада Мустафо Камол Отатурк томонидан Туркия Республикаси расман эълон қилинган.
Кеча нафақат Туркия, балки мамлакатнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналарида ҳам Республика куни муносиб нишонланди.
Жумладан, Туркиянинг Самарқанддаги Бош консуллиги томонидан уюштирилган тадбирда Самарқанд вилояти ва шаҳар ҳокимликлари масъуллари, жамоатчилик вакиллари, айни пайтда юртимизда бўлиб турган туркиялик тадбиркорлар ва ушбу давлат ватандошлари иштирок этди.
Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг видеотабриги намойиш этилди.
Самарқанддаги Бош консул Меҳмет Мажит, Туркия олий таълим кенгаши президенти Эрол Ўзвар, Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов тадбир қатнашчиларини Туркия Республикаси куни билан табриклади.
[gallery-32274]
– Бугун Туркия Республикаси кунини 86 миллион нафар ватандошларимиз қаторида хорижий давлатларда яшовчи 6 миллиондан ортиқ туркияликлар ҳам кенг нишонламоқда, – деди Туркиянинг Самарқанддаги Бош консули Меҳмет Мажит. – Бизга ҳам бугун 103 йиллик байрамни ота юртимизда нишонлаш насиб этганидан бахтиёрмиз. Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқалар муштарак тарихга асосланган ва ёруғ келажакка олиб борадиган тенг манфаатли, қардошлик муносабатларидир. Давлатларимиз, халқларимиз доим бир-бирига ҳурмат, биродарлик ва ҳамкорлик руҳи билан ёндашган. Биз ушбу дўстликка 2023 йил 6 февралда мамлакатимизда содир бўлган зилзиладан сўнг Хатай вилоятидаги уй-жойларни қайта тиклашга Ўзбекистон томонидан кўрсатилган ёрдам мисолида яна бир бор гувоҳ бўлдик.
Маросимда барча соҳаларда ривожланиб бораётган Ўзбекистон – Туркия муносабатлари эътироф этилди ва бунда Самарқанддаги дипломатик ваколатхонанинг ҳам муносиб ҳиссаси борлиги таъкидланди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари