Самарқандда туризмни минтақавий интеграция драйвери сифатида ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди
Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Осиё тараққиёт банкининг йиллик йиғилиши туризм соҳаси минтақавий ривожланишни ҳаракатга келтирувчи асосий куч эканини яна бир бор тасдиқламоқда.
Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик дастури (CAREC) доирасидаги сессия минтақа мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликни янги, институционал босқичга олиб чиқиш заруратини кун тартибига қўйди.

Сессия давомида тақдим этилган “Марказий Осиё туризм ҳалқаси” иштирокчилар томонидан юқори баҳоланди. Бу оддий лойиҳа эмас, балки минтақавий ҳамкорликнинг амалий кўриниши.
Ўзбекистоннинг ушбу ёндашуви CАRЕC доирасида иқтисодий кооперацияни кучайтиришнинг энг самарали воситаси сифатида эътироф этилди. Бу стратегия мамлакатлар ўртасидаги рақобатни ҳамкорликка алмаштиришни кўзда тутади.

Туризм иқтисодиётнинг тармоқлараро боғлиқлигини таъминловчи йўналиш. Унинг ривожланиши қурилиш, транспорт, хизмат кўрсатиш ва ҳунармандчилик каби ўнлаб турдош соҳаларнинг ўсишига туртки беради.
Марказий Осиёнинг ягона туристик бренд сифатида шаклланиши нафақат иқтисодий фойда келтиради, балки минтақадаги хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Дилдора ДЎСМАТОВА , ЎзА