Самарқандда триатлон бўйича жаҳон чемпионати бошланди
Самарқанддаги “Silk Road Samarkand” халқаро туристик марказида триатлон бўйича жаҳон чемпионати (World Triathlon Championship Series – 2026)бошланди.
Марказий Осиё мамлакатлари орасида юртимизда илк бор ўтказилаётган нуфузли мусобақа очилишида Ўзбекистон триатлон федерацияси раиси Виктор Маҳмудов, Ўзбекистон Республикаси спорт вазири Адҳам Икромов, Миллий олимпия қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Отабек Умаров, Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоев қатнашди.
Чемпионатда 28 давлатдан 100 нафарга яқин маҳоратли атлетлар иштирок этмоқда. Эътиборлиси, мазкур баҳсларда олимпиада иштирокчилари ва дунё рейтингида энг юқори поғонани эгаллаб турган спотрчилар — Лиса Терцч, Бетҳ Поттер, Кассандре Беаугранд, Мигуэл Ҳидалго, Васко Вилажа ва бошқа маҳоратли атлетлар қатнашмоқда.
“World Triathlon Championship Series – 2026” баҳсларини аёллар ўртасидаги беллашув бошлаб берди. Унда 43 нафар спортчи ғолиблик учун баҳс олиб бормоқда.
[gallery-28987]
Жаҳон чемпионати дастурига мувофиқ, атлетлар 1,5 километр масофада сузиш, 40 километр велопойга ва 10 километрга югуриш баҳсларида ўз маҳоратларини намойиш этмоқда.
Ғ. Ҳасанов, А. Исроилов (сурат), ЎзА