Самарқандда нуфузли экологик кўргазма иш бошлади
Самарқандда “Eco Expo Central Asia 2026” халқаро экологик кўргазмасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.Унда дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатидан экология ва атроф-муҳит муҳофазаси соҳаси ходимлари, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, дипломатик корпус вакиллари, инвесторлар, экологик маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилар, экоинноваторлар, маҳаллий ва халқаро экспертлар иштирок этди.
Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси – Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов, БМТ Бош котиби ўринбосари – атроф-муҳит бўйича дастури (UNEP) ижрочи директори Ингер Андерсен ҳамда Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқи (IUCN) бош директори Гретел Агилар хоним сўзга чиқиб, Ўзбекистонда иккинчи марта ўтказилаётган мазкур кўргазманинг аҳамиятига эътибор қаратди.
– “Eco Expo Central Asia 2026” халқаро экологик кўргазмаси нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиё учун жуда муҳим аҳамиятга эга тадбир бўлиб, бу минтақа давлатлари ўртасида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасида амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, инвестициявий жозибадор экологик лойиҳаларни ишлаб чиқиш, янги қўшма ташаббусларни йўлга қўйиш ва узоқ муддатли халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун самарали платформа вазифасини ўташига ишонамиз, – деди Азиз Абдуҳакимов. – Шу билан бирга ушбу кўргазма Марказий Осиё ва жаҳон ҳамжамияти ўртасида инновациялар, инвестициялар, билим ва аниқ ечимларни бирлаштирувчи “яшил” технологик кўприкни яратиш йўлидаги муҳим катализаторга айланади. Чунки форумнинг асосий ғояси иқтисодиётни энг илғор “яшил” технологияларни жорий этиш орқали ривожлантириш ва айни пайтда атроф-муҳитни келажак авлодлар учун асраб-авайлашдан иборат.
Азиз Абдуҳакимов, шунингдек, ўз сўзида Самарқандни Марказий Осиёнинг “яшил” инвестициялар ва инновациялар пойтахти деб эълон қилиш ташаббусини илгари сурди. У шаҳарнинг экологик дипломатия, “яшил” молиялаштириш ва барқарор технологияларни илгари суриш бўйича халқаро майдон сифатидаги роли тобора ортиб бораётганини таъкидлади.
“Eco Expo Central Asia” кўргазмаси экологик барқарорликни мустаҳкамлаш, “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш, инновацион экологик технологияларни жорий этиш ҳамда барқарор ривожланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган.
2025 йилда Тошкент шаҳрида ўтказилган “Eco Expo Central Asia 2025” халқаро кўргазмаси Марказий Осиёдаги шу миқёсдаги илк экологик кўргазма бўлганди. Унда қарийб 7,5 минг нафар маҳаллий ва хорижий иштирокчилар қатнашган ва форум якунлари бўйича Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, БМТ, ЮНEСКО, Европа Иттифоқи, GIZ ва КОICА каби халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга ошириладиган 130 дан ортиқ экологик лойиҳа ва дастурлар бўйича келишувлар имзоланган эди. Жорий йил эса бу рақамлар янада салмоқли бўлиши кутилмоқда. Сабаби бу йилги кўргазмада 10 мингга яқин маҳаллий ва хорижий иштирокчи қатнашмоқда, экологик маҳсулот ва хизматларни намойиш этувчи 70 га яқин павильон ташкил этилган. Бундан ташқари, экоинноваторларнинг илғор ишланмаларини намойиш этиш мақсадида Ўзбекистон ва Марказий Осиё мамлакатларидан тақдим этилган стартап лойиҳалар учун қўшимча 20 та павильон яратилди.
Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳамда “Business Congress Management” (BCM) компанияси ҳамкорлигида ташкил этилган кўргазмада Глобал яшил ўсиш институти, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки каби етакчи халқаро ташкилотлар иштирок этмоқда.
Шунингдек, “Vision Invest” (Саудия Арабистони), SUEZ (Франция), “Cevia Environment” (Хитой), КОМОТО (Япония), EPSOY (Финляндия), “Siberian Wellness” (Россия), “Bell Energy” (БАА) ва “Oizom Instruments” (Ҳиндистон) каби йирик хорижий компаниялар, шунингдек, юртимиздаги Навоий кон-металлургия комбинати, Олмалиқ кон-металлургия комбинати, АКФА, Жиззах аккумулятор заводи ҳамда “Ўзкимёсаноат” АЖ ўз маҳсулот ва хизматларини намойиш этмоқда.
[gallery-29746]
Кўргазмада минтақавий экологик лойиҳаларни шакллантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мамлакатнинг барча ҳудудлари иқлим ўзгаришига мослашиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва экологик барқарорликни таъминлашга қаратилган аниқ лойиҳа таклифларини тайёрлаган. Ушбу ташаббуслар халқаро донорлар ва инвесторлар эътиборига ҳавола этилади.
Кўргазма доирасида “яшил” энергетика, чиқиндиларни қайта ишлаш, сув ресурсларини бошқариш, иқлим ўзгаришига мослашиш ва барқарор ривожланиш масалаларига бағишланган 50 дан ортиқ сайд-ивентар, тематик форумлар, тақдимотлар ва мулоқот майдончаларини ўтказиш режалаштирилган.
Таъкидлаш лозимки, “Eco Expo Central Asia 2026” кўргазмаси халқаро экологик ҳамкорликни ривожлантириш, “яшил” иқтисодиётга инвестицияларни жалб этиш ҳамда экология ва иқлим ўзгариши соҳасида илғор жаҳон тажрибаларини жорий этиш йўлидаги навбатдаги муҳим қадам бўлди.
Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат),ЎзА мухбирлари