Самарқандда икки маҳаллага “Туризм маҳалласи” мақоми берилди
Самарқанд туманидаги Янгижой ҳамда Тойлоқдаги Боғизоғон маҳаллаларига туризм маҳалласи мақоми берилди.
Туризм қўмитаси раиси ўринбосари С.Бобокалонов Янгижой маҳалласи раисига ушбу мақомни тасдиқловчи махсус сертификатни топширди. Шу ерда туризм қўмитаси раиси ўринбосари ҳамда Самарқанд тумани ҳокими маҳалла ҳудудида дам олиш масканлари ташкил этган тадбиркорлар билан мулоқот қилиб, уларнинг самарали ишлаши учун зарур имконият ва қулайликлар яратилишини таъкидлади.

Тадбиркорлар фаолияти жараёнида юзага келаётган айрим масалалар юзасидан масъулларга мурожаат қилди. Шу каби тадбир Тойлоқ туманида ҳам ўтказилди. Туманнинг Боғизоғон маҳалласига “Туризм маҳалласи” мақоми берилганини тасдиқловчи гувоҳнома топширилди.

Маҳалладаги 20 дан ортиқ хонадонда меҳмон уйлари ташкил этилмоқда. Шунингдек, сервис ва хизмат кўрсатиш масканлари фаолияти йўлга қўйилган.
Бу маҳаллаларга ташриф буюрувчи сайёҳлар ўзбекона турмуш тарзи, миллий урф-одатлар ва меҳмондўстлик муҳитини яқиндан ҳис қилишади.
Ғ. Ҳасанов, А. Исроилов (сурат), ЎзА