Самарқандда электр тармоқлари қишга тайёрланмоқда
Куз-қиш мавсумида электр энергиясига бўлган талаб ортиши таъминот тизими барқарорлигини таъминлаш, мавжуд тармоқларнинг техник ҳолатини яхшилаш ва эҳтимолий авариявий ҳолатларнинг олдини олишни тақозо этади. Шу боис Самарқанд вилоятида электр таъминоти объектларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш, тармоқларни таъмирлаш ва зарур эҳтиёт қисмлар захирасини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
«Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти Самарқанд ҳудудий филиали томонидан аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини узлуксиз, ишончли ҳамда сифатли электр энергияси билан таъминлаш, электр тармоқларини модернизация қилиш ва мавсумга пухта тайёргарлик кўриш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Филиал ахборот хизмати маълумотларига кўра, айни пайтда вилоятда жами 1 миллион 22 минг 850 нафар истеъмолчи мавжуд. Уларнинг 63 минг 485 тасини юридик шахслар, 959 минг 365 тасини эса аҳоли истеъмолчилари ташкил этади. Филиал тасарруфида 32 минг 123,5 километр электр узатиш тармоғи ва 15 минг 42 та трансформатор пункти бор.
Куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида 3 минг 20 километр электр тармоғи ва 1 минг 220 та трансформатор пунктида мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилиб, белгиланган режа тўлиқ адо этилди.
Шунингдек, 6 минг 986,5 километр электр тармоғи ва 2 минг 61 та трансформатор пунктида жорий таъмирлаш ишларини амалга ошириш режалаштирилган. Ҳозирга қадар 6 минг 591 километр тармоқ ҳамда 1 минг 955 та трансформатор пунктида белгиланган ишлар бажарилди.
Мавсум давомида юзага келиши мумкин бўлган авариявий ҳолатларни тезкор бартараф этиш мақсадида 101 та авария-тиклаш бригадаси шакллантирилиб, уларга 765 нафар мутахассис, 21 та махсус техника ва 73 та хизмат автомашинаси бириктирилган.
Бундан ташқари, таъмирлаш ва тиклаш ишларини ўз вақтида бажариш учун зарур материаллар захираси яратилган. Жумладан, турли қувватдаги 30 та трансформатор, 172 та темир-бетон таянч, 16,5 километр кабель, 376 та муфта, 39,3 тонна трансформатор мойи ҳамда 10 минг 300 дан ортиқ изолятор, сақлагич ва бошқа электр жиҳозлари жамғарилган.
[gallery-31941]
Амалга оширилаётган ишлар электр таъминоти барқарорлигини мустаҳкамлаш, мавсумий юкламаларга тайёр туриш ва истеъмолчиларга узлуксиз хизмат кўрсатишда муҳим аҳамият касб этади.
Алишер ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА